...
МЕНЮ
ONLINE TV

Роҳине мусулмонлари тақдирига ким масъул?


21:26, 31.08.2017 Олам
 3 524

Баъзи бир интернет нашрларининг хабар беришича, 3 мингга яқин роҳине мусулмонлари ҳукумат аскарлари ва маҳаллий буддавий аҳоли томонидан аёвсиз қатл этилди...

Мьянмада этник озчиликни ташкил этувчи ва йиллар давомида Мьянма ҳукумати томонидан турли тазйиқлар остида яшаб келаётган роҳине мусулмонларининг тақдири бугун аянчили аҳволда. Баъзи бир интернет нашрларининг хабар беришича, сўнгги 3–4 кун ичида 3 мингга яқин роҳине мусулмонлари ҳукумат аскарлари ва маҳаллий буддавий аҳоли томонидан аёвсиз қатл этилди... Бу рақамлар ва тафсилотлар қанчалик ҳақиқатга якин — буниси ноаён! Аниғи, у ерда жанжал-тўполонлар ҳануз давом этаётганидир...
 
Роҳинеларга қарши куч ишлатиш, қатл этиш — “969” ҳаракати ғоясининг меъмори, буддист роҳиб Ашин Виратҳудир. Ижтимоий тармоқларда юз минглаб тарафдорларига эга бўлган Виратҳу Мьянмадаги буддавий аҳолини мусулмон роҳинеларга қарши гиж-гижлаб келмоқда.
 
Роҳинелар тарихига қисқа тўхталиб ўтадиган бўлсак, улар ҳозирда Мьянма давлатининг Аракан вилоятида яшашади. Тарихчиларнинг маълумотига кўра, роҳинелар Буюк Британия мустамлакаси даврида Бенгалиядан кўчиб, Мьянма ҳудудига жойлашишган.
 
1948 йилда Мьянма мустақиллик эълон қилди ҳамда бугунги кунга қадар мамлакат ҳарбийлар томонидан бошқарилиб келмоқда. Статистик маълумотларга кўра, Мьянма мустақиллигини қўлга киритгунича мамлакатда 3 миллион роҳине мусулмонлари яшашган, мусулмон аҳолига нисбатан шиддатли қаршиликлар ва зулмлар натижасида бу рақам ҳозирда 1,5 миллион нафарни ташкил этмоқда.
 
Роҳине мусулмонларнинг кўпчилиги бугун кунда Покистон, Ҳиндистон, Малайзия ва Индонезия каби мамлакатларга қочиб кетмоқда.
 
Мьянмадаги бу вазиятга халқаро ташкилотлар кўп йиллардан буён эътиборсизлик билан қараб келмоқда, натижада, роҳинелар умидсиз яшамоқда
 
Аввалроқ, 25 августдан бошланган таъқиблар натижасида роҳине аҳолиси Мьянмага чегарадош бўлган Бангладешга қочиб ўтаётганлари ҳақида хабар берган эдик.
 
Ундан олдинроқ “Нотинч мамлакатлардаги гўдаклар қисмати... Асаби бўшлар ўқимасин!” номли мақолада Мьянманинг Аракан штатида давом этаётган можаролар сабаб қўшни Бангладешга ўтиб кетишни мақсад қилган мусулмон оиланинг фарзанди Наф дарёсига ғарқ бўлиб, ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Фуқаролик уруши деб таъриф берилаётган можаролар замирида чигалликлар кўп. Уруш-жанжал бошланиб бўлганидан кейин унинг нимадан бошлагани ўз аҳамиятини йўқотади-қўяди.
 
Доно халқимиз ўз дуоларида юртимизга тинчлик-осойишталикни ато этишини Яратгандан сўрашлари бекорга эмас. Тинчлик-осойишталик — файз-барака, фаровон ҳаёт, тараққиёт, маънавий юксаклик гарови. 
Ҳабибуллохон Азимов

Теглар:Мьянма Аракан Роҳине 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!