...
МЕНЮ
ONLINE TV

Россиялик дастурчи ўз бошини бошқа танага кўчиртирмоқчи


22:58, 11.01.2016 Олам
 3 546

Ўз бошини бошқа танага кўчириб ўтказишга рози бўлган россиялик дастурчи тиббиётни қўллаб-қувватловчи интернет-дўконини очди/

Россиялик дастурчи Валерий Спиридонов тиббиётда ҳанузгача давоси топилмаган “Вердинг-Хоффман” синдроми касаллигига чалинган. Ўтган йилнинг апрель ойида у бошини бошқа танага кўчириб ўтказишга розилигини билдирганди. Айни вақтда, жарроҳлик амалиётини кутаётган Валерий дўстлари билан биргаликда Desire for Life, яъни “Ҳаётга интилиш” интернет-дўконини очди. Ушбу интернет-дўкондан тушган даромад тиббиёт технологияларининг ривожига сарф этилиши режалаштирилган.
 
Дўкондан Desire for Life белгиси туширилган кийим-кечак, ошхона анжомлари ва Спиридоновнинг сурати туширилган кўплаб маҳсулотларга буюртма бериш ва харид қилиш имконияти мавжуд.
 
“Ушбу ғоя ўз мевасини бераяпти. Асосий қизиқиш тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларидан бўлаяпти. Улар ҳам айнан менинг муаммоим билан боғлиқ бўлган трансплантология муаммоларига қарши курашиш йўлидаги фикрларини билдирмоқда. Мен ана шу ғояларни ва фикрларни ҳам қўллаш тарафдориман. Асосий мақсадим россиялик олимларга, трансплантология билан иш олиб бораётган ва бу борада бирор ғояга эга бўлган, аммо моддий томондан буни амалга ошира олмаётган мутахассисларга ёрдам бериш”, – дейди дастурчи.
 
Эслатиб ўтамиз, 31 ёшли Спиридонов ер юзида ўз бошини бошқа танага кўчириб ўтказиш амалиётига рози бўлган ягона инсон. Тиббиётда бундай касалликка чалинган инсонлар бу қадар кўп умр кечирмаслиги ҳақида айтилади. Шифокорлар Валерийнинг 30 ёшга етганининг ўзи катта бир мўжиза эканини таъкидлашмоқда. Валерий бундан хабардор. Шу сабабли, у дунёда амалиётда синаб кўрилмаган ана шу мураккаб амалиётни ўзида синаб кўрмоқчи.
 
У ўз қарорини шундай изоҳлайди: “Жарроҳлик операциясига рози бўлишдан ўзга чорам йўқ. Олдимда икки йўл бор: бири ўлимни қалуб қилиш, иккинчиси эса таваккал қилиш! Тан олиб айтишим керак, аҳволим йилдан-йилга оғирлашиб бормоқда. Билмадим, бу касалликка қарши яна қанча муддат курашишга кучим етаркин? Шунинг учун ҳам, мен бу мураккаб жарроҳлик амалиётига рози бўлдим. Албатта юрагимда қўрқув бор, аммо ўзга иложим йўқ”.
 
Ушбу мураккаб жарроҳлик  амалиётини Италиялик шифокор Сержио Канаверо 2017 йилда амалга оширади. Шифокор ҳозирди бемор билан фақат “skype” орқали мулоқот қилмоқда. Ушбу амалиёт 2017 йилда амалга оширилиши режалаштирилмоқда. 36 соатлик жарроҳлик операцияси учун 11 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарф этилади. 
 
Бундан аввал бошни кўчириб ўтказиш амалиёти аввал ҳайвонларда, АҚШда маймунда ва Россияда итда мувафақиятли синаб кўрилган.
Умида Якубова

Теглар:Валерий Спиридонов Вердинг-Хоффман Desire for Life 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!