...
МЕНЮ
ONLINE TV

Россияда инсон бошини бошқа танага кўчириш операцияси ўтказилади


09:36, 20.01.2016 Олам
 3 678

Ушбу ноёб ва мураккаб жарроҳлик амалиёти 36 соат давом этиши мумкин. Чунки операция чоғида тери тўқималари ва бошқа муаммолар бўлмаслиги учун беморнинг бошини ва танасини музлатиб қўйишга тўғри келади.

Бундан бир неча кун аввал, россиялик дастурчи Валерий Спиридоновнинг ўз бошини бошқа танага кўчириб ўтказишни истаётгани билан боғлиқ мақолани эътиборингизга тақдим этгандик. Мана, унинг орзуси амалга ошиб, Ҳалқаро жарроҳлар гуруҳи унга ёрдам беришга шай бўлиб турибди. Кеча, 19 январь куни Валерийнинг бошини бошқа танага кўчириб ўтказишдан олдинги тайёргарлик жарроҳлик амалиёти якунига етказилди. Мана энди улар дунёда инсонлар ўртасида ўтказиладиган энг ғаройиб жарроҳлик амалиётига тайёр. Бу ҳақда ТАСС нашри маълумот бермоқда.

Валерий тиббиётда ҳанузгача давоси топилмаган “Вердинг-Хоффман” синдроми касаллигига чалинган. Унинг ҳолати тобора ёмонлашиб бораётгани боис, у ўз бошини бошқа танага кўчириб ўтказишларига розилигини билдирган. Жарроҳлик амалиёти италиялик жарроҳ, нейрохирург Серджо Канаверо ва Чикагода фаолият юритувчи хитойлик нейрохирург Жень Сяотин бошчилигида амалга оширилади.

“Биз бир неча йиллик меҳнатларимиз бесамар эмаслигини тасдиқлашни истардик. Бундай жарроҳлик амалиёти ҳайвонлар орасида амалга оширилган ва улар муваффақиятли ўтган. Тайёргарлик жараёни ўз нияҳоясига етди. Шунинг ўзи етарли. Биз жарроҳлик амалиётига тайёрмиз, аммо хал қилиниши лозим бўлган бир қатор масалалар мавжуд. Бу тиббиёт оламидаги энг оламшумул жарроҳлик амалиёти бўлиб, уни айнан Россияда ўтказиш борасида бюрократик муаммолар келиб чиқиши мумкин. Маблағ билан боғлиқ муаммо ҳам мавжуд. АҚШда ушбу операцияни ўтказиш учун 100 миллион АҚШ доллари, Европада ҳам тахминан шунча, Россияда эса уни 20 миллион АҚШ долларига амалга ошириш мумкин. Бунинг сабаби жуда оддий. Россияда жарроҳлик амалиёти учун керак бўладиган барча жиҳозлар бор. Бундан ташқари россиянинг тиббиёт тизими билан чуқур алоқалар ўрнатилган ва бизга улар асосида ишлаш қулайлик яратади. Биз россиялик ҳамкасбларимизга ёрдам беришга тайёрмиз”, – дейди Канаверо.

Шунингдек Канаверо Татьяна Орлова, Евгений Маековский каби Россиялик ҳамкасбларини санаб ўтди. Операция Сяотиндан ташқари HEAVEN номли халқаро Америка ва Австриялик нейрохирурглар жамоаси ёрдамида ўтказилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 31 ёшли Спиридонов ер юзида ўз бошини бошқа танага кўчириб ўтказиш амалиётига рози бўлган ягона инсон. Тиббиётда бундай касалликка чалинган инсонлар бу қадар кўп умр кечирмаслиги ҳақида айтилади. Шифокорлар Валерийнинг 30 ёшга етганининг ўзи катта бир мўжиза эканини таъкидлашмоқда. Валерий бундан хабардор. Шу сабабли, у дунёда амалиётда синаб кўрилмаган ана шу мураккаб тажрибани ўзида синаб кўрмоқчи.

 У ўз қарорини шундай изоҳлайди: “Жарроҳлик операциясига рози бўлишдан ўзга чорам йўқ. Олдимда икки йўл бор: бири ўлимни қабул қилиш, иккинчиси эса таваккал қилиш! Тан олиб айтишим керак, аҳволим йилдан-йилга оғирлашиб бормоқда. Билмадим, бу касалликка қарши яна қанча муддат курашишга кучим етаркин? Шунинг учун ҳам, мен бу мураккаб жарроҳлик амалиётига рози бўлдим. Албатта юрагимда қўрқув бор, аммо ўзга иложим йўқ”.

Маълумотларга кўра, ушбу ноёб ва мураккаб жарроҳлик амалиёти 36 соат давом этиши мумкин. Чунки операция чоғида тери тўқималари ва бошқа муаммолар бўлмаслиги учун беморнинг бошини ва танасини музлатиб қўйишга тўғри келади.

Теглар:Валерий Спиридонов Вердинг-Хоффман 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!