...
МЕНЮ
ONLINE TV

Россияга “учирма” бўлган Элдор Шомуродовнинг илк таасуротлари


14:18, 17.07.2017 Спорт
 3 631

“Ростов” Элдор Шомуродовни ўз футболчиси сифатида таништирди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Бунёдкор” клуби собиқ ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россиянинг “Ростов” аъзосига айлангани ҳақида хабар бериб ўтгандик.
 
Ўзбекистонлик футболчи бугун, 17 июль куни ижтимоий тармоқларидаги саҳифаси орқали Россиядаги илк таассуротлари билан ўртоқлашди.
 
“Ассалому алайкум, қадрли дўстлар, азиз устоз ва мураббийлар, севимли мухлисларим! Кейинги тақдиримни Россия премьер лигасининг “Ростов” клуби билан боғладим. Бундан бахтиёрман. Чунки ўзимни премьер лигада синаб кўришни жуда-жуда истагандим.
 
“Машъал”дан “Бунёдкор”га йўл олиб адашмадим, аксинча, катта ўсишга эришдим. Умуман, футболнинг илк сабоқларини ўрганишимда хизматларини аямаган ва мен учун трамплин бўлган “Машъал” клуби раҳбарлари, мураббийлари ва барча ишчи ходимларига катта раҳмат дейман. Энди Тошкент клубидан “Ростов”га ўтдим. Ўйлайманки, бу қарорим ҳам ҳар томонлама фойдали бўлади.
 
Россия премьер лигасига йўл олишимда ўз ёрдамларини аямаган барча инсонга раҳмат дейман. Алоҳида ташаккурларимни “Бунёдкор” ФК бош директори Мурод Алиевга, бош мураббий Миржалол Қосимовга билдирмоқчиман.
 
Чунки булар мени тўғри тушунишиб, кучли чемпионатда тўп тепиш истагимни маъқуллашди ва қароримни қўллаб-қувватлашди. Кучли чемпионатдан таклиф келса, клуб раҳбарияти футболчининг хоҳиш ва истакларини биринчи ўринга қўяди. Менга оқ фотиҳа бериб, Россия клубига ўтишимда кўмак қилганлари учун уларга яна бир бор миннатдорлик билдираман.
 
Қадрли дўстларим, сизлар билан ажойиб дарвларни бирга ўтказдик. Ёрқин ғалабалар, аламли мағлубиятларда бирга бўлдик. Бундай онлар ҳаётим зарварақларида унутилмас бўлиб қолади. Ҳаммаси учун раҳмат.
 
Азиз мухлислар, сизларнинг кўмагингиз ва далдангиз ҳозирги пайтда мен учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Чунки ҳаётимда янги саҳифа очилаётган палла. Дуоларингиз, далдангиз мени янада кучлироқ қилади. “Ростов”даги рақобатда ижобий хислатларимни намойиш этиб, юртимиз шаънини руслар диёрида муносиб ҳимоя этишга ҳаракат қиламан.
 
Ҳозирча Россия майдонларида “Ростов” либосида ўйнайман. Ишонаманки, 2018 йилда руслар заминида Ўзбекистон миллий терма жамоаси либосида ҳам, албатта, тўп тепиш насиб қилади”, дея пост қолдирди Элдор Шомуродов.
 
Маълумот учун, “Ростов” Элдор Шомуродовни ўз футболчиси сифатида бугун таништирди ва Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси янги жамоасида 14-рақам остида ҳаракат қилади.
Акмал Эшонхонов

Теглар:Элдор Шомуродов Ростов Бунёдкор Россия Ўзбекистон терма жамоаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!