Бахтсиз ҳодиса вақтида автобусда 34 нафар одам бўлган. Улардан 29 нафари болалар эди. Уларнинг энг кичиги эндигина етти ёшга тўлган бўлса, энг каттаси 16 ёшда.
ЙТҲ оқибатида автобус йўловчиларининг 12 нафари ҳалок бўлган, 22 нафари жароҳатланган. Қурбон бўлганлар орасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Эргашева Зулфия Сарвар қизи ҳам борлиги айтилмоқда. Яна бир Ўзбекистон фуқароси 2001 йилда туғилган Эргашева Гавҳар Сарвар қизи оғир аҳволда Ханти-Мансийск шаҳридаги нейрохирургик клиникага олиб кетилган.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Россия ЙТҲ қурбони бўлган Зулфия Эргашеванинг танасини 7 декабрь куни Ўзбекистонга олиб келиш масаласини кўриб чиқди. Марҳум қизнинг жасадини отаси Сарвар Эргашев ҳамроҳлигида олиб келинади.
“1tv.ru” сайтида хабар қилинишича, спорт акробатикаси бўйича мусобақа тугаганидан сўнг, автобус Ханти-Мансийскдан Нефтеюганскка йўл олган эди. Йўлда автобус юк машинаси билан тўқнашган ва йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган. Қарама-қарши томондан келган бошқа юк машинаси катта тезлик билан келиб автобусга урилган.
Воқеанинг яна бир жиҳати шуки, иккита юк машинаси ва автобус ҳайдовчиларининг бирортаси жиддий жароҳат олмаган. Воқеадан сўнг улар сўроқ қилиш учун олиб кетилган.