...
МЕНЮ
ONLINE TV

Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар "Локомотив" ва "Фенербахче" ўйинига ҳам таъсир қилди...ми?


17:58, 17.02.2016 Олам
 3 134

Футбол баҳси якунлангандан сўнг "Локомотив" футболчиси Дмитрий Тарасов футболкасини ечганда остида Путин сурати туширилган майка кўринди.

Кеча хабар берганимиздек, 16 февраль куни Москванинг "Локомотив" ва Истанбулнинг "Фенербахче" футбол клублари Европа лигаси 1/16 финали доирасида  тўқнаш келдилар. Учрашув 2:0 ҳисобида турк клуби фойдасига якунланди.

Мазкур ўйин бу йилнинг энг шов-шувли учрашуви сифатида тарихда қолиши шубҳасиз. Унда эътиборга лойиқ воқеалар жуда кўп бўлди.

Одатда Европа  лигаси доирасидаги ўйинлар бошланишидан олдин  давлат мадҳияси эмас, балки лига мадҳияси янграйди. Бироқ Туркиядаги баҳсда "Фенербахче" клуби мухлислари тик турганча Туркия миллий мадҳиясини жўр бўлиб куйладилар.
 
Бундан ташқари  футбол баҳси якунлангандан сўнг Локомотив футболчиси Дмитрий Тарасов футболкасини ечганда остида Путин сурати туширилган майка кўринди. Футболкада Путиннинг сурати остига "Cамый вежливый президент" (Энг мулойим президент) деб ёзиб қўйилган эди.

"Локомотив" клубининг Туркияга борган 60 га яқин мухлислари стадион трибунасида икки қатор бўлиб тизилган маҳаллий полиция томонидан қўриқланди.  Ўйинда кўнгилсиз ҳодисалар юз бермади.  Бу ҳақда “Haber7. com” хабар берди.
 
Футболчи Димитрий Тарасов билан боғлиқ иш юзасидан  Кремлда ҳеч қандай фикр билдирилмаяпти,  дейди  Президент матбуот котиби  Дмитрий Песков.  Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
 
“Футбол билан боғлиқ ишларни изоҳламаган бўлар эдим”, – дейди котиб бу саволларга нисбатан жавобида.
 
Агар Европа футбол ассоцияцияси иттифоқи (UEFA)  бўлган воқеани  ташкилот регламенти 7-моддасининг 14-банди бузилган деб топса,  футболчи жазоланиши мумкин.  Чунки UEFA  регламенти бўйича “мафкуравий,  сиёсий ва диний тарғиботнинг барча турлари тақиқланади”.
 
Эслатиб ўтамиз, “Локомотив” ва “Фенербахче” ўртасидаги жавоб учрашуви 25 февраль куни Москвада бўлиб ўтади.
 
Сайтимиз орқали декабрь ойида  берган мақоламизда икки клуб ўртасидаги  футбол учрашуви нафақат футболчилар,  балки мухлислар ўртасида ҳам кучли баҳсга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтган эдик. 

Туркия ва Россиянинг  муносабатларидаги кескинлик  бундан кейин яна қайси  жабҳаларда  акс  этаркин?
Руслан Сулаймонов

Теглар:Футбол Локомотив Фенербахче Россия-Туркия УЕФА 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Nuriddin
19:33 17.02.2016

Спорт хам сиёсатга айланиб кетмаслигини хохлардик



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!