Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон: “Агар Россия Туркиянинг террорчилардан нефть сотиб олаётганини исботлай олса, мен истеъфога чиқаман. Агар Путин жаноблари ўз сўзларига жавоб бера олмасалар ҳукуматдан кетишга тайёрмилар?”
Биринчи навбатда, АҚШнинг ушбу воқеага нисбатан муносабати кўпчиликда қизиқиш уйғотган эди. АҚШ Президенти Россия ва Туркияни тинчланиб олишга чақирган бўлса-да, воқеа юзасидан кўпроқ Туркия томонга ён босаётгани сўзларидан маълум бўляпти. CNNнинг ёзишича, Обама Туркиянинг ўз чегараларини ҳимоя қилиш бўйича қонуний ҳуқуқи мавжудлиги ҳақида айтиб ўтган. Унинг фикрича, айнан Россиянинг Туркия чегараларига яқин жойларда ҳаракатланиши Яқин Шарқда янги уруш хавфини юзага келтирди. Бундан кўриниб турибдики, АҚШ содир бўлган воқеаларга, биринчи навбатда, Россияни айбдор деб топмоқда. Туркия АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқчиси ҳисобланади. Қолаверса, Туркияни Россиянинг Су-24 самолётини уриб туширишга АҚШ ундаган, деб гумон қилаётганлар ҳам йўқ эмас.. Нима бўлганда ҳам, Обама Туркияни оғзаки ҳимоя қилиш билан чекланиб қолди. Анқара эса Вашингтондан амалий ҳаракатлар қўллашини кутган бўлиши ҳам мумкин. Умумий манзара шуни кўрсатяптики, АҚШ Яқин Шарқ можароларидан ўзини тийиб турибди.
Anadolu Agencyнинг берган хабарига кўра, Буюк Британия Бош вазири Девид Кемерон Умум палата йиғилишида "Биз Туркиянинг ўз ҳаво бўшлиғини ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилишимиз керак, лекин воқеалар аслида қандай бўлганлигини билишимиз ниҳоятда муҳим, ҳозирча эса бизда бу ҳақда батафсил маълумотлар мавжуд эмас" – дейди у. Расмий Лондоннинг аллақачон Сурияда террорчиларга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу билан бирга, Кемероннинг Асад режимига хайрихоҳлик билан қарамаслигини ҳамма яхши билади. Башар Асад, Россия ҳарбий кучларидан фарқли ўлароқ, Буюк Британияга Сурия ҳудудида ҳарбий операциялар олиб боришга ҳеч қандай рухсат бергани йўқ. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Буюк Британия ҳаракатларини оқловчи резолюция ҳам мавжуд эмас. Гарчи Британиянинг ўзи БМТ ташкилоти Уставини яратган давлатлардан бири бўлса-да, халқаро ҳуқуқ меъёрларидан келиб чиқадиган бўлсак, Уставда аниқ белгиланган умум эътироф этилган тамойилларни, сўзсиз, қўпол равишда бузмоқди. Бу ҳақда на йирик давлатлар, на БМТнинг ўзи чурқ этгани йўқ. Таассуфки, БМТ нинг халқаро ҳужжатлари қоғозда қолиб кетяпти.
Германия Буюк Британиянинг НАТО ва Европа Иттифоқи бўйича ҳамкори бўлса-да, уларнинг Россия–Туркия воқеалари борасидаги позицияси турлича. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар беради: "Туркия Россия ҳарбий самолётини уриб тушириш орқали Сурия масаласини ҳал қилиш ҳаракатларини янада чигаллаштирди, бироқ биз икки давлат ўртасидаги душманлик кайфиятининг ривожланиб кетишининг олдини олиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз керак. Албатта, ҳар бир давлат ўз ҳудудий дахлсизлигини ҳимоя қилиши керак, лекин, бошқа томондан, Суриядаги вазият бусиз ҳам танг эканлигига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Мен кеча Туркия Бош вазиридан воқеаларнинг салбий тус олишининг олдини олишга ҳаракат қилишини сўрадим" – дейди Ангела Меркел Парламентнинг қуйи палатаси вакиллари билан бўлган йиғилишда. Башар Асад билан, вақтинчалик бўлса ҳам яхши алоқалар ўрнатмай туриб, ИШИДга қарши самарали курашишнинг иложи йўқлигини Германия ҳам англаб етди. Францияда содир бўлган қонли террористик актлар Берлинни ҳам тезроқ ИШИД хавфидан халос бўлишга ундамоқда. Бундан ташқари, Яқин Шарқдан келаётган муҳожирлар оқими ҳам немислар учун катта муаммоларга сабаб бўлмоқда. Бу масала бора-бора нафақат Германиянинг, балки бутун Европа Иттифоқининг иқтисодиётини, хўжалик инфратузилмасини ишдан чиқариши ҳеч гап эмас.
Яқинда Франция Президенти Француа Олланднинг Россияга ташрифи, кўп жиҳатдан, расмий Парижнинг воқеаларга нисбатан муносабатини кўрсатиб берди: "Биз ҳаммамиз Россия ва Туркия ўртасидаги муносбатларни чигаллашиб кетишига йўл қўймаслигимиз керак. Чунки Туркия НАТОдаги яқин ҳамкоримиз, Россия эса ИШИДга қарши курашда ишончли иттифоқчи бўлиши мумкин" – деб ёзади Олланднинг Ангела Меркел билан бўлган учрашувдаги фикрини ҳавола қилган Yahoo News. Гап шундаки, Париждаги мудҳиш воқеалардан кейин Франция учун ҳозир энг муҳими Россия билан ҳамкорликда ИШИДга қарши кураш бўлиб қолди. Ўз халқи кўз ўнгида, Олланд террорчилардан қандай қилиб бўлса-да ўч олиши лозим. Акс ҳолда, французларнинг унга билдирган ишончини батамом йўқотиши мумкин. Натижада жорий президентлик муддати Олланд учун биринчи ва охирги бўлиб қолиши мумкин. Ё бўлмаса, муддат тугамасдан туриб ҳам, истеъфога чиқишга мажбур бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам мавжуд.
Бу орада, расмий Пекин бўлиб ўтаётган воқеаларни диққат билан кузатиб турибди. Хитой Ташқи ишлар вазири вакили Ҳонг Леи ўз давлатининг ҳодисага нисбатан фикрини баён этар экан, ушбу воқеа чуқур тергов талаб қилишини айтиб ўтди. "Хитой халқаро ҳамжамиятнинг терроризмга қарши ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва барча томонларни ўзаро алоқаларни кучайтиришга чақиради" – дея фикрини якунлайди Хитой расмий вакили.
Япониянинг позицияси ҳам кўпчилик томонидан кутилган эди. Хитойга ўхшаб бетарафлик эълон қилган расмий Токио иккала томонни фақатгина холис маълумотларга таянишга чақирди: "Биз жараённи синчиклаб кузатяпмиз, нима бўлганда ҳам, биз иккала томондан ҳам холис ҳақиқатларга ишонишларини сўраб қолардик, энг асосийси, бўлаётган воқеаларга совуққонлик билан ёндашиш" – дейди Япония Вазирлар маҳкамаси котиби Йошиҳида Суга.
БМТ Бош котиби Пан Ги Мун эса бўлиб ўтган воқеаларга ойдинлик киритиш ниҳоятда муҳимлигини, бу нарса муносабатлар таранглашувининг олдини олишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Ушбу воқеа, Бош котиб назарида, терроризмга қарши халқаро бирдамлик қанчалик муҳимлигини кўрсатиб берди, Сурия муаммосига ечим эса фақатгина давлатлараро ҳамкорликда топилиши мумкин. Бундан кўриниб турибдики, БМТнинг ўзи таклиф қила олиши мумкин бўлган ҳеч қандай режаси мавжуд эмас. Шундай халқаро ташкилотнинг содир бўлаётган жараёнларга муносабати ниҳоятда тор доирада қолиб кетаётганлиги жуда ҳам ачинарли.
Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний ҳалокат юз беришидан бир кун ўтиб, ўз расмий баёнотида Москва ва Анқарани тезроқ муросага келишга даъват қилди. "Россия ва Туркия аслида бир-бирига душман давлатлар эмас, қўшниларимиз ўртасида яхши муносабатлар тикланишига умид қилиб қоламан" – дейди Эрон Президенти фикрларига ҳавола қилаётган Mehr News агентлиги. "Бизнинг маълумотларимизга кўра, Россия ҳарбий ҳаво кемаси Сурия ҳаво бўшлиқларида парвоз этган. Самолёт Туркия чегараларини кесиб ўтган деб фараз қилсак ҳам, Су-24 уриб туширишга лойиқ ўйинчоқ самолёт эмас" – дея фикрини давом эттиради Руҳоний.
Давлат бошлиғи Рамзан Қодировнинг Туркиянинг қилган ишига муносабати кескинроқ янгради. "Туркия қилган ишидан ҳали анча вақт афсусланиб юришига ҳеч қандай шубҳам йўқ. Ҳар доим дўстлик ва ҳамкорлик ҳақида гапириб турадиган давлат ҳеч қачон бундай йўл тутмайди" – дейди Взгляд нашри Қодировнинг фикрини келтирар экан.
Халқаро ҳуқуқ тамойилларига қайтадиган бўлсак, агар Россия ҳақиқатан ҳам Туркия ҳаво бўшлиқларини кесиб ўтган бўлса, Туркиянинг қўллаган чораси ўринли. Чегаралар дахлсизлиги тамойили БМТ Уставида ҳар қандай чора-тадбирлар орқали ҳимоя қилиниши керак дейилган. Бўлган воқеларнинг яна бир қизиқ тарафи шундаки, Туркиянинг Су-24 самолётини уриб тушириши Россиянинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш салоҳиятига эга бўлган С-400 ракеталарини Сурия ҳудудига олиб киришига сабаб бўлди. Маълумки, ИШИД террорчиларининг авиацион ҳарбий машиналари мавжуд эмас. Демак, С-400 ракеталари террорчиларга қарши ҳимоя воситаси бўла олмаслиги равшан бўлади.
Daily News and Analysisнинг хабар беришича, Россия Туркияни ИШИДдан нефть сотиб олиш ҳақидаги айбловларини кучли танқид остига олган. Тойиб Эрдўғон: "Агар Россия Туркиянинг террорчилардан нефть сотиб олаётганини исботлай олса, мен истеъфога чиқаман. Агар Путин жаноблари ўз сўзларига жавоб бера олмасалар ҳукуматдан кетишга тайёрмилар?" Дунё анчадан бери икки давлат ўртасидаги бундай кескин ва танг муносабатларнинг шоҳиди бўлмаган эди.
Кўриб турганимиздек, давлатларнинг сўнгги воқеаларга муносабати уларни икки томонга бўлиб юборди. Баъзи давлатларнинг можарога нисбатан муносабати кутилганидек бўлиб чиққан бўлса, баъзиларнинг позициясига турли объектив сабаблар таъсир қилганини сезишимиз мумкин. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар эса кундан кунга чигаллашиб, айбловлар ортиб бормоқда.
Воқеалар ривожини qalampir.uz сайтида кузатиб боринг.