...
МЕНЮ
ONLINE TV

Россия ва Туркия муносабатлари тарихига назар


12:31, 28.11.2015 Олам
 8 146

Мана 5 асрки тарих Россия ва Туркия ўртасидаги зиддаятларнинг гувоҳи бўлиб келмоқда. Яқинда содир бўлган воқеаларга туртки берган ҳодиса ҳарбий ҳаво кемасининг ҳалокати бўлса-да, тарих бунга бошқа сабабларни келтирмоқда.

Россия ва Туркия ўртасидаги зиддиятлар биринчи марта пайдо бўлаётгани йўқ. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Совуқ уруш даврида ҳам НАТО аъзоси ҳисобланувчи Туркия Совет Иттифоқининг ҳарбий самолётини уриб туширган эди. Ўшанда ҳам шу воқеа туфайли Совет Иттифоқининг Туркия билан, шу жумладан, НАТО ташкилоти билан ҳам муносабатларига путур етган эди. Доимий қарама-қаршиликнинг манбаси бўлиб, аслида, уларнинг жўғрофий жойлашуви, тарихи ва эътқоди хизмат қилган.

Душманлик кайфиятининг илдизлари узоқ ХV асрга, тарих саҳнасида икки буюк империя пайдо бўлган пайтга бориб тақалади. 1453 йилда Византия империясининг Усмонийлар давлати томонидан узил-кесил босиб олинишидан сўнг, Москва ўзини "учинчи Рим", яъни шарқда яшовчи насроний халқларининг ҳимоячиси деб эълон қилган. Мазкур халқлар (уларнинг кўпчилиги насронийлик динининг православ мазҳабига эътиқод қилувчи славян халқлари бўлган), асосан, Яқин Шарқ ва Болқонда яшашган. Бир пайтнинг ўзида Туркиядаги Усмонийлар империяси ҳам, шоҳ Россияси ҳам ушбу ҳудудларга даъвогарлик қилишган.

Манфаатлар тўқнашуви ўз-ўзидан катта-кичик зиддиятларнинг пайдо бўлишини муқаррар қилиб қўйган. Бундай қарама-қаршиликларнинг энг машҳури 1853-1856 йилларда содир бўлган, тарих саҳифаларига "Шарқ масаласи" номи билан кирган Қрим урушидир. Ўшанда Туркия Россияга қарши Франция ва Буюк Британиянинг иттифоқини қўлга киритган эди. Мазкур тарихий воқеага Россиянинг Туркия султони ҳукмронлиги остида бўлган шарқий насронийлар яшайдиган ҳудудларга нисбатан даъвоси сабаб бўлган. Қрим уруши 1877-1878 йилда бўлган янги урушдаги Россиянинг ғалабаси ва мустақил Болгария давлатининг ташкил топиши билан ниҳоясига етган.

Биринчи Жаҳон Уруши иккала империянинг ҳам таназзулига ва мавжуд бошқарув тузумининг тубдан ўзгаришига олиб келади. Янги Совет Иттифоқи ва дунёвий Отатурк Туркиясининг ҳамкорлиги икки мамлакат ўртасдаги муносабатларнинг илиқлашувига сабаб бўлган. Ўшанда Россия Туркиянинг шимоли-шарқий ҳудудларига ва ушбу ҳудудлар бўйида жойлашган Ўртаер денгизига олиб чиқувчи Босфор ва Дарданелл бўғозига бўлган даъволаридан воз кечади. Бироқ 1936 йилги Монтрё конвецияси натижасида бўғозлар устидан назорат Совет Иттифоқининг қўл остидан тўлиқ чиқиб кетади.

Иккинчи Жаҳон Урушида Туркия бетарафлик мақомига риоя қилган. Аммо фашистлар Германияси ҳарбий кемалари учун ўз бандаргоҳлари ва бўғозларини очиб берган. 1945 йилда урушда ғолиб бўлган Совет Иттифоқи бўғозлардан ўтиб қайтиш учун Туркия ҳукуматидан рухсат беришини талаб қилган. Лекин расмий Анқара, ғарб давлатларининг тазйиқи остида, Сталиннинг талабини рад этади. Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин бошланиб кетган 45 йиллик Совуқ уруш даврида икки давлат бир-бирига рақиб бўлиб қолаверди.

1952 йилда Туркия Совет Иттифоқи билан умумий чегарага эга бўлган иккинчи НАТО аъзосига айланди ва кейинги йилларда ушбу ҳарбий ташкилотнинг Советларга қарши асосий таянч давлати мақомига эга бўлди. Туркиянинг мазкур мақоми 1962 йилги Куба инқирози даврида АҚШ Президенти Жон Кеннедининг Туркия ҳудудларида жойлаштирган ҳарбий ракеталарини олиб чиқиб кетишига сабаб бўлди. 

Совет Иттифоқи парчалангандан сўнг, Туркия-Россия муносабатларининг илиқлашуви кузатила бошланди. Икки давлат ўртасида саноат ишлаб чиқариши ва электроенергия соҳасида шартномалар имзоланди. Су-24 ҳалокати атрофидаги воқеаларгача, ўзаро иқтисодий ҳамкорлик 33 млрд. АҚШ долларини ташкил қилган ва Россия Туркиянинг Германиядан кейинги энг йирик ҳамкори бўлиб келаётган эди. Энди эса Россия ҳарбий самолётининг ҳалокати Москва ва Анқарани олдинги зиддиятлар даврига яқинлаштирмоқда.
Адиз Аҳмедов

Теглар:Россия Туркия тарих Россия-Туркия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!