...
МЕНЮ
ONLINE TV

Россия ва Туркия муносабатлари ўнгланадими?


13:38, 28.03.2016 Олам
 3 692

Аҳмет Довутўглу: Россия ва Туркия муносабатларидаги инқироз вақтинчалик ҳолат.

Су 24 воқеасидан кейин Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб қолди.  Россия ҳукумати Туркияга қарши бир қатор санкцияларни эълон қилди.  Шундан сўнг,  мазкур икки давлат ўртасидаги алоқалар жаҳон оммасининг диққат марказида бўлиб келмоқда.  Россия ва Туркиянинг ОАВ орқали ўз позицияларини билдиришлари,  қарама-қарши фикрлар кўпчиликда икки давлат алоқалари жуда узоқ вақтгача тикланмаса керак деган хулосани келтириб чиқарган бўлса ажаб эмас. Лекин сўнгги пайтларда Туркияда амалга оширилган терактлар муносабати билан Россия ҳукумати туркияликларга бир неча марта ҳамдардлик билдирди. Туркия ҳам Россия шахталаридан бирида бўлган портлаш натижасида ҳалок бўлган кончиларнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган эди. 
 
27 март,  якшанба куни Туркия Бош вазири Аҳмет Довутўғлу Иордания пойтахти Амманга боришдан олдин Анқарадаги Отатурк аэропортида ташкиллаштирилган матбуот анжуманида иштирок этди. 
 
Аввалроқ,  Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова “Россиянинг Суриядаги можароларни ҳал қилиш мақсадида бошлаган операцияси натижасида урушаётган томонлар музокара столи атрофида ўтиргани ва ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилгани ва Туркия билан Россия ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашуви узоқ давом этмаслиги” ҳақида айтиб ўтган эди.  Бу ҳақда “Haber7” ёзмоқда.
 
Шу муносабат билан Аҳмет Довутўғлуга журналистлар Россия ТИВ вакили томонидан билдирилган юқоридаги гапларга нисбатан қандай фикр билдиришини сўраб мурожаат этдилар.

Бош вазир бунга қуйидагича жавоб берди:  “Туркия ҳаво ҳудудига бузиб кирган ҳарбий самолёт Россияга тегишли эканини билмасдан туриб, учувчиларимиз белгиланган тартибда  иш кўрдилар. Бу Россия ва Туркия ўртасида азалдан илдиз отган душманликнинг оқибати эмас эди ва биз олдин ҳам айтганимиздек, бу вақтичалик ҳолатдир. Бахтга қарши бизнинг позициямизга қарамасдан, Россия томонидан айтилган гаплар икки ўртадаги инқирозни янада кескинлаштирди.  Россия ТИВ вакили айтган гаплар ижобий характерга эга. Мен мазкур инқироз вақтинчалик деб ҳисоблайман. Россия ва Туркия ривожланиш йўлида тарихий ва географик нуқтаи-назардан,  бир-бирлари билан яхши алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор. Биз географияни ўзгартира олмаймиз. Умид қиламанки, Россия раҳбарияти муносабатлардаги инқирозни ҳал этиш юзасидан керакли қадамларни ташлайди”.
 
Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова ва Туркия Бош вазири Аҳмет Довутўғлунинг сўзларидан шундай хулосага келиш мумкинки,  икки давлат ҳам муносабатларнинг тезроқ яхшиланишидан манфаатдор ва бу инқироз вақтинчалик ҳолатдир.
Руслан Сулаймонов

Теглар:Аҳмет Довутўглу Россия Туркия Мария Захарова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!