1999 йилдан буён ўтган 17 йил ичида россияликларнинг харажатлари даромадларидан ошиб кетди
Санкциялар асосан мамлакатнинг асосий даромад манбалари бўлган соҳаларига ва рублни кучсизлантиришга қаратилди.
Санкциялар аввалига уч ой муддатга киритилди ва Украинадаги вазиятнинг юмшаши кузатилса, олиб ташланиши керак эди. Бироз вақтдан сўнг санкцияларнинг муддати яна узайтирилди.
Россия ҳам Ғарб санкциясига қарши контр-санкция киритди ва бу биринчи навбатда Европа Иттифоқига қаратилди. Россиянинг контр-санкциялари Европанинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, автомобиллари ва бошқа маҳсулотларига қарши йўналтирилди.
Санкциялар киритилгандан кейин ўтган давр мобайнида Россия иқтисодиёти сезиларли зарар кўрди. Шу билан бирга, 2014 йилдан бери нефть нархининг тушиб бориши ҳам Россия иқтисодиётига зарба берди. Жаҳон банки томонидан 2015 йил Россия иқтисодиётининг ўсиш даражаси 3.8 фоизга тушиши мумкинлиги тахмин қилинган эди. 2016 йилда эса 0.3 фоиз даражаси кутилмоқда. Россия иқтисодиётининг яна бир муаммоси хорижий инвестицияларнинг камайиши ҳисобланади. Лекин, 2016 йилда ташқи ва ички кредит ресурсларининг жалб этилиши натижасида инвестицион талаб бироз қондирилиши мумкин.
2000 йилдан кейин Россияда қашшоқлик даражаси сезиларли камайган. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, 2001 йилдан 2010 йилгача қашшоқлик даражаси 40 фоиздан 10 фоизга камайган ва ўрта синфнинг даражаси 30 фоиздан 60 фоизга кўпайган. Лекин Жаҳон Банкига кўра, қашшоқлик даражаси 2013 йилги 10.8 фоиздан 2016 йилда 14. 2 фоизга кўтарилиши мумкин.
2015 йилда Россия фуқароларининг харажатлари уларнинг даромадларидан сўнгги 17 йил ичида биринчи маротаба ошиб кетди. Бу ҳақда Росстат маълум қилди.
Унга кўра, фуқароларнинг харажатлари ва даромадлари ўртасидаги умумий миқдор 420 миллиард рублни ташкил этган. 2014 йилда истеъмол даражасининг рекорд ўсишига қарамасдан, фуқароларнинг харажатлари ва даромадлари ижобий кўрсаткичга эга бўлган, бу 76 миллиард рублни ташкил этади. Бунга ойлик маошларнинг мунтазам кўтарилиб борилмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Чунки давлат бюджети ҳозирда бундай ислоҳотларни ўтказишга қодир эмас.
Су-24 воқеасидан кейин Россия-Туркия муносабатларнинг ёмонлашуви ва Россиянинг Туркияга қарши иқтисодий санкциялар эълон қилгани Россиянинг иқтисодиётига маълум даражада салбий таъсир кўрсатади.
2015 йил ҳолатига кўра, Туркия кўлами жиҳатидан Россия савдо ҳамкорлари ичида бешинчи ўринда эди. 2014 йилги Россия ва Туркия ўртасидаги савдо айланмаси эса 44 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бундан ташқари, Туркия Россия гази учун Германиядан кейинги иккинчи катта бозор ҳисобланар эди.
Россия давлатининг олиб бораётган сиёсати биринчи навбатда унинг халқи фойдасига ишлаши керак. Киритилаётган санкциялар ва қабул қилинаётган қарорлар узоқ муддатда россияликларнинг манфаати учун хизмат қилармикин?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда “Ислоҳотлар – ислоҳот учун эмас, ислоҳотлар – аввало инсон ва унинг манфаатлари учун” хизмат қилиши керак.