“Марказий Осиёда трансчегаравий сув ресурсларидан умумқабул қилинган халқаро меъёрлар асосида, ҳудуддаги барча давлатлар манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда оқилона ва одилона фойдаланиш масалалари долзарблигича қолмоқда”.
“Марказий Осиёда трансчегаравий сув ресурсларидан умумқабул қилинган халқаро меъёрлар асосида, ҳудуддаги барча давлатлар манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда оқилона ва одилона фойдаланиш масалалари долзарблигича қолмоқда”, - деди Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов ўзининг Италиянинг Милан шаҳрида бўлиб ўтган Атроф муҳит ва сув ресурслари бўйича юқори даражадаги “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” бешинчи конференциясидаги чиқиши чоғида.
“Дарёнинг юқори қисмларида бунёд этилиши режалаштирилган ҳар қандай йирик гидротехник иншоотлар БМТ раҳнамолигидаги мустақил халқаро экспертиза кўригидан мажбурий равишда ўтказилиши ва Амударё ҳамда Сирдарёнинг қуйи қисмларидаги давлатлар билан келишилиши лозим”, - қайд этди Абдусаматов.
Эслатиб ўтамиз, Роғун ГЭС Вахш дарёсида қурилаётган гидроэлектростанция бўлиб, Вахш каскадининг юқори поғонаси ҳисобланади. ГЭСни “ЎртаОсиёгидролойиҳа” институти (Тошкент) лойиҳалаштирган, ҳозирги вақтда эса бу ишни Россиянинг “Гидропроект” институти давом эттирмоқда.
Лойиҳага кўра, ушбу иншоот тўғонли ГЭС типидаги баланд (335 м) тош-ташламали тўғон ҳисобланади. Қурилиш ишлари якунлангач, Роғун дунёдаги энг баланд тўғонли ГЭС бўлади. Унинг қурилмалари таркибига маҳаллий материаллардан бунёд этилган баландлиги 335 метрли тош-ташламали тўғон, қурилиш ва эксплуатация тоннеллари, машина зали (узунлиги 220 м, эни 22 м, энг баланд жойи 78 м) ва трансформаторлар биносидан (200х20х40 м) иборат ерости ГЭС биноси киради.
ГЭСнинг лойиҳа қуввати – 3600 мВт, ўртача йиллик ишлаб чиқариш – 13,1 млрд. кВт/с ни ташкил этади. ГЭС биносида олтита қуввати 600 мВтдан иборат радиал-ўқли гидроагрегатлар ўрнатиш кўзда тутилган. Муҳандисларнинг мўлжалига кўра, ГЭС тўғони тўлиқ ҳажми 13,3 км2 ва фойдали ҳажми 10,3 км2 бўлган йирик Роғун сув омборини ҳосил қилиши керак. Сув омборидан ҳам энергетик, ҳам ирригацион мақсадларда фойдаланиш режалаштирилган. ГЭС қурилиши бир неча босқичларда амалга оширилади, биринчи ўринда ўртача йиллик ишлаб чиқариш 5 млрд. кВт/с бўлган ҳолда 400 мВтни ташкил этиши керак. Дастлаб мутахассислар қурилишнинг умумий қийматини $2,2 млрд., биринчи босқич учун $590 млн. маблағ керак бўлади, деб баҳолаган эди.
ГЭС лойиҳаси юқори сейсмик, кўчки, сел жараёнлари ҳудудида жойлашгани, шунингдек, тўғон остида тоштуз билан тўлган Ионахш тектоник ёриғи мавжудлиги учун танқидга учрамоқда. Лойиҳачилар тўғон хавфсизлиги, хусусан, конструкциясининг зилзилабардошлилиги, тоштуз қатламининг ювилиб кетишидан ҳимоялаш учун эса махсус чоралар кўрилганини иддао қилмоқда. Шунингдек, ГЭС лойиҳаси Амударё оқимини кескин камайтириши мумкинлиги билан ҳам ҳам танқидга учрамоқда, чунки қурилиш якунланса, тўғоннинг Вахш дарёси суви билан тўлиши учун 7 йилдан 12 йилгача вақт керак бўлади. Бу – лойиҳа муаллифларининг маълумоти. Бошқача айтганда, ГЭС қурилиши нафақат Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган мамлакатларда сув ҳажми қисқариши ва сифати ёмонлашувига олиб келиши баробарида кучли зилзила рўй берганда Афғонистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудларининг бир қисмини сув босишига сабаб бўлади.