Кўчирмакаш хонандалар қаторига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева ҳам қўшилди.
Бироз аввал Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг “Жавоб бер” номли қўшиғини 2016 йилнинг илк хит таронаси сифатида эътироф этиб, қўшиқ Райҳонга янги омадлар олиб келиши мумкинлигини айтган эдик. Буни қарангки, бу қўшиқ ҳам хорижлик хонандалар Том Боксер ва Антониянинг “Морена” номли қўшиғига икки томчи сувдек ўхшаш бўлиб чиқди. Наҳотки, Райҳон ўғирликка қўл урган бўлса? Қўшиқни тажрибали мутахассислар ва бастакорларга эшиттириб кўрганимизда, “Жавоб бер” айнан “Морена”дан олинганига ҳеч шубҳа йўқлиги айтилди.
Яқинда Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ойбек ва Нигора, хонандалар Шаҳзода, Муниса Ризаева, Жасур Ғоипов, Диёр Маҳкамов, Азиза Низомова, Фарҳод ва Шириннинг 2015 йилда куйлаган қўшиқлари хориж эстрадасидаги таниқли қўшиқлардан кўчирилгани ҳақида мақола чоп этган эдик. Энди улар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева ҳам қўшилди. Қизиқ, хонанда бу иддаоларга қандай жавоб бераркин? Хонанда ўзини қандай оқлайди?
Яхшиси икки қўшиқни ҳам ўзингиз тинглаб, баҳо беринг.