9-10 март кунлари “Истиқлол” санъат саройида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комиловнинг “Олам тинч бўлсин” номли янги концерт дастури бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комиловнинг ижоди ҳақида сўз борганда, унинг ҳар бир қўшиғида қандайдир мақсад, тингловчига айтилмоқчи бўлган фикр борлигини алоҳида эътироф этиб ўтиш жоиз. Бугун қўшиқчилик шунчаки бизнес бўлиб бораётган бир вақтда, тингловчига маънавий озуқа берадиган ва узоқ йиллар яшаб қоладиган, халқ дардини ўзида мужассам этган қўшиқлар кун сайин камайиб боряпти. Равшан Комиловнинг ижодида маъноли, эшитишга арзирли ва неча йиллардан буён тингловчилар қалбидан чуқур жой эгаллаб келаётган қўшиқлар талайгина. Бунга мисол тариқасида “Одам бўлиб келдик”, “Кулишларинг ёқади”, “Муҳаббатнинг биринчиси”, “Озодани севаман”, “Беш кетаман”, “Нолима” каби қўшиқларини келтириш мумкин. Тўғри, Равшан Комиловнинг ижодида бироз саёз, тўйбоп, қўшиқлар ҳам йўқ эмас. Бироқ юқоридагилар уларнинг камчиликларини тўлдириб туради.
Концертни актёр Меҳриддин Раҳматов ва актриса Маърифат Ортиқова очиб беришди. Дастур “Кулишларинг ёқади” номли хонанданинг бир вақтлар тилга тушган қўшиғи билан бошланди. Кейин навбат “Одам бўлиб келдик” қўшиғига тегди. Равшан Комилов концерт дастурини бир вақтлар куйлаган хит қўшиқлари билан бошлагани яхши бўлди. Саҳнада қўшиққа ҳамоҳанг тарзда хонанданинг ижодни эндигина бошлаган даврларидан то бугунгача бўлган клипларидан лавҳалар намойиш этиб турилди. Очиғини айтганда, “Одам бўлиб келдик” жаранг сочганда, уни жўр бўлиб куйлаган мухлисларга ҳам кўзимиз тушди.
Қўшиқлар кетма-кетлиги дуэтларга бориб уланди. Хонанда ўғли Фаррух Комилов билан “Муқаддас аёл” қўшиғини куйлагач, уни ёнига чақириб, “Жуда қаттиққўл отаман, Фаррух уйда мендан тўрт метр нарида юради. Шу вақтгача ижодини мақтамаганман. Лекин қора қўнғиз ҳам боласини оппоғим дейди, бугун Фаррух ёмон ижод қилмаяпти”, – деди ва ўғлига навбат берди. Кенжа Комилов отасидан фарқли ўлароқ “ўта мазмунли” қўшиқлар билан ёшларнинг кўнглини ола билди.
Равшан Комилов ва хонанда Наргиз “Наргиз” номли қўшиқ куйлаганларидан хабарингиз бор. Концерт дастурида икки хонанда қўшиқларини бирлаштириб дуэт шаклида ижро этишди. Бу қўшиқни мухлислар илиқ кутиб олишди. Шунингдек, Комилов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Исмияминова билан ҳам “Қарамайсиз”ни куйлаб чиқди.
Юқорида Равшан Комиловнинг ижодида бирор мавзуни, ғояни ва мақсадни олға сурган қўшиқлар кўплиги ҳақида гапирган эдик. “Турфа одамлар” қўшиғи ана шундай тароналарнинг давоми бўлди, десак муболаға бўлмайди. “Эҳ, одамлар, турфа одамлар,бўлмасми одамдек юрса одамлар?”. Қўшиқда айнан шундай сўзлар бор. Хонанда бу қўшиқни ижро этаётганда, саҳна марказига ўрнатилган мониторда Ироқ, Сурия, Туркия, Афғонистон, Ливия каби мамлакатларда диний экстремистик гуруҳлар томонидан амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатлари, одамларнинг хор-зор бўлиб, кўзда ёш билан ўлимга юз тутаётгани тасвирланган лавҳалар намойиш этиб турилди. “Тинчлик – энг улуғ неъмат. Бугунги даврда тинчликни асраш, унинг қадрига етиш энг долзарб масала бўлиб турибди. Одамлар шукур қилсин, тинчликнинг қадрига етсин деб шу қўшиқни куйладим”,– дейди хонанда.
Концертда камчиликлар ҳам бўлди, албатта. Саҳна декорацияси қўл учида, “йўқдан кўра”, “шуниси тузук”, деб тайёрлангани шундоққина кўриниб турибди. Режессёрнинг ишида камчиликлар йўқ, аммо рақс гуруҳлари роса “қовун туширди”. “Тошкент зеболари”дан фарқли ўлароқ, “Сабо” рақс ансамбли қизлари концертга пухта тайёргарлик кўрмагани шундоққина сезилиб турибди. Айниқса, уларнинг либосларини айтмайсизми... Қўйинг, бу ҳақда сал кейинроқ...
Умуман олганда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комиловнинг навбатдаги концерти бошқа ёш ижрочиларнинг шоу дастурларига қараганда анча маъноли ва мароқли ўтди.