Айбланувчи суд жараёнида рафиқасининг ҳаётида “бегона эркак” пайдо бўлганлигини айтган.
Қозоғистоннинг Олма-ота вилоятида мудҳиш қотиллик рўй берди. Эр-хотиннинг жанжали, аниқроғи эрнинг рашки “қонли хотима” билан якунланди.
Азамат Кулимбетов рафиқаси — фармацевт Жанар Носировага жорий йилнинг февраль ойида 20 марта пичоқ санчиб, ваҳшийларча ўлдирди. Воқеа эса аёл ишлайдиган дорихонада содир бўлган.
Жанар Носирова юз берган ҳодисадан сўнг шифохонага келтирилган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган...
Бўлиб ўтган машъум воқеани дорихонадаги видеокузатув камераси ёзиб олган.
Олма-ота суди айбланувчига 15 йиллик қамоқ жазоси тайинлади. Бундан ташқари, у 5 миллион тенге миқдорида товон пули ҳам тўлайди.
Суд якунида судья қарори эълон қилингач, Азамат Кулимбетов йиғлаб юборди. У қотиллик содир этган вақтида аффект ҳолатида бўлганлиги таъкидлаган. Шунингдек, айбланувчи рафиқасининг ҳаётида “бегона эркак” пайдо бўлганлигини ҳам айтган. Судланувчи Жанар Носированинг яқинларидан узр сўраган.
Маълумот учун, марҳума Жанар Носирова ва жиноятчи Азамат Кулимбетов оила қуришганига 12 йил бўлган. Уларнинг 2 нафар фарзанди бўлган.