Абзал Мирзаш 15 ёшида магистратура босқичида ўқишни режалаштирган.
Олма-отадан бўлган 12 ёшли Абзал Мирзаш мактаб дастурини тўлиқ ўзлаштириб олган. У тест топширди ва Қозоғистон–Британия техника университети талабасига айланди.
“...Кўпчилигимиз Абзалники каби қобилиятга эга бўлишни истар эдик. У 12 ёшида ечаётган масалани биз 20 ёшимизда ишлаяпмиз”, дейди ёш талабанинг курсдошлари.
Маълумотларга кўра, Абзал Мирзаш болалик давридан ўқишга қизиқиши юқори бўлган. У 3 ёшида ёзишни ва ўқишни билган. 5 ёшида эса 1-синфга борган. Унинг бундай ноёб интеллектуал қобилиятини отаси пайқаган.
“Ўғлим 2 ёшлигида кўчага сайрга чиққан вақтимизда, у кўчадаги машиналар ҳақида сўрар эди. Мен унга автомобилнинг маркаси ва унинг белгиси ҳақида тушунтирар эдим. Бир неча кундан сўнг яна сайрга чиққанимизда, у ана шу машиналарнинг номлари ва белгиларини бехато қайтарар эди”, дейди Абзалнинг отаси.
Университетда ўқитувчилар ёш талабага барча шароитларни яратиб беришмоқда. Жумладан, жисмоний тарбия фанида Абзал учун махсус нормативлар белгиланди.
Қозоғистон–Британия техника университети деканининг айтишича, Абзал 12 ёш бўлсада, руҳан 18 ёшдек улғайган.
Абзал Мирзаш айни вақтда 2–3 йилда университетни битириб, АҚШнинг Массачусетс университетида магистратура босқичида ўқишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, жаҳонда энг ёш талаба деб 7 ёшли америкалик Танишк Абраам тан олинган. У 7 ёшида умумфедерал интеллектуал тестни аъло баҳога топшириб, талаба бўлишга эришган эди.