Рафиқасининг йўқолиб қолганини айтиб полицияга мурожаат қилган эркакнинг ўзи қотил бўлиб чиқди.
2016 йилнинг 11 августида Сариагаш тумани полиция маҳкамасига маҳаллий аҳоли вакилларидан бири рафиқаси Қурбонова Нурипа Талгатовнанинг бедарак йўқолганини айтиб мурожаат қилган. У турмуш ўртоғининг Чимкентга кетгани ва уйга қайтиб келмаганини айтган.
Шундан сўнг, жиноий иш қўзғатилди. Бедарак йўқолган Қурбонова Нурипани қидириб топиш учун оператив тергов гуруҳи тузилди.
Тергов натижасида Қурбонованинг йўқолишига унинг эри алоқадор эканлиги аниқланди. Охир-оқибат эркак рафиқасини ўлдирганига иқрор бўлди ва унинг жасади қаердалигини полиция ходимларига кўрсатди.
Жиноятга эркакни нима ундагани ҳали аниқ эмас, лекин бунга эр-хотин ўртасидаги жанжал сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Қурбонованинг қариндошлари аёлнинг йўқолишида унинг эридан шубҳаланишган. Уларнинг сўзларига кўра, уч болани тарбиялаётган эр-хотин ўртасида тез-тез можаролар бўлиб турган. Бундан ташқари, марҳума тўртинчи фарзандига ҳомиладор бўлган.
Бугун, 16 август куни Келес дарёси қирғоғида Қурбонованинг жасади топилди. Тахмин қилинишича, унинг танаси куйдирилган.