Экспертлар Сочи яқинида содир бўлган Ту-154 ҳарбий самолёти ҳалокатига учувчининг ҳудуд йўналишини йўқотгани сабаб бўлганини маълум қилдилар. Лайнерни қўниш режимига учувчининг ўзи ўтқазган.
“Қора қути” ёзувлари таҳлили лайнер ҳаракат йўналишининг 3D-нусхасини яратиш имконини берди. Аниқландики, баландликка кўтарилишда самолёт бехато ҳаракатланган, тезликни йўқотмаган.
Маълумотларга кўра, ердан узилгандан 1 дақиқа ўтиб, самолёт 250 метр баландликда бўлган. Шундан сўнг экипаж командири Роман Волков Ту-154 ни қўниш режимига ўтқазган.
Сувга келиб урилгунга қадар, самолёт пасайиши учувчи назоратида бўлган. Шундан келиб чиқиб, экспертлар ҳалокатга учувчининг ҳудуд йўналишини йўқотгани сабаб бўлганини маълум қилдилар.
Айни пайтда учувчининг тиббий варақалари ўрганилмоқда. Фожиа сабабларидан бири, учувчидаги чарчоқ бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бортида 92 киши бўлган Россия Мудофаа вазирлиги самолёти 2016 йил 25 декабрь куни ҳалокатга учраган эди.
Аввалроқ, ушбу фожиага самолётнинг техник ҳолати ёки учувчилар хатоси сабаб бўлгани тахмин қилинган эди.