Бир вақтлар “Миллион” жамоасининг лицензияси нобоп ҳазиллари учун олиб қўйилган эди. Бундан чиқди “Миллион”нинг ҳазиллари маънавиятимизга тўғри келмайдию “Дизайн”ники айни бизбоп эканда, шундайми? “Ўзбекнаво” нега жим?
Кулиш осон, кулдириш қийин. Баъзан бирор қизиқчи саҳнага чиқиб, бир соат давомида латифа айтиб, одамларнинг эътиборини торта олмаслиги мумкин, бироқ 3-4 яшар болани унинг ўрнига қўйсангиз қилиқлари, имо-ишоралари билан чунонан кулдирадики...
Ўзбек қизиқчилик санъати ҳақида гап кетганда Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Муҳиддин қизиқ Дарвешов, Охунжон қизиқ, Абдулҳай Махсумларни эслаб ўтиш ўринли. Табиатан жуда юксак иқтидор эгаси бўлган бу инсонлар халқ ичидан олинган гаплар билан одамлар юзига табассум улаша олганлар. Хусусан, Муҳиддин қизиқнинг латифалари шунчаки кулиш учун эмас, балки ҳаётдаги муаммоларни қамраб олганлиги билан ҳам аҳамиятли ва эътиборга моликдир. Кейинчалик саҳнага чиққан Рустам Ҳамроқулов, Ҳожибой Тожибоев, Мирзабек Холмедов, Абдулла Акбаров, Собит Асомов, Обид Асомов ва бошқа машҳур қизиқчилар айнан юқорида номлари зикр этилган устозлар изидан боришди.
Қизиқчилик фақат инсоннинг кайфиятини кўтариб, уни кулдириш эмас, балки унинг маънавиятини юксалиши, камчиликларини йўқ қилишига йўл кўрсатишга ҳам хизмат қилиши керак. Сўнгги пайтларда қизиқчиликнинг театрлаштирилган кўринишига бўлган талаб янада ортди. Аввалари латифани битта қизиқчи ижро этган бўлса, энди улар сони 3-4 тадан ортди. Тўғри, бу ҳолат аския санъатида ва юқорида номлари саналган қизиқчиларнинг ТВ орқали намойиш этилган дастурларида ҳам кузатилган.
Сўнгги йилларда “Қувноқлар ва зукколар” кўрик танловидан етишиб чиққан йигит-қизлар алоҳида қизиқчилик жамоаларини ташкил этишганига гувоҳмиз. Булар сирасига “Миллион”, “Дизайн” жамоларини киритсак бўлади. Гап бу гуруҳлардаги ёшларнинг қизиқчилик борасида бирор таълимни олмай туриб, саҳнага чиқаётгани ҳақида эмас, улар нимани айтиб кулдириши ҳақида кетяпти. Эпласа қандини урсин, бироқ уддасидан чиқмасачи?
“Дизайн” жамоаси бир неча йиллардан буён “Истиқлол” санъат саройида концерт дастурини тақдим этиб келади. Жамоа аъзоларининг бир-биридан “мазмунли” ва “пурмаъно” ҳазиллари ҳар йили “ўта маънавиятли” одамларнинг тилига ўрнашади. Кулиш яхши, кулдириш, бировнинг табассумига сабабчи бўлиш эса унданда яхши. Бироқ бунинг охири вой бўлсачи?
Яқинда “Дизайн” жамоасининг 2015 йил охирида тақдим этган концерт дастурининг дисклари сотувга чиқди. Диск дўконлари, бозорларда жамоанинг диски қўлма-қўл бўлиб сотилди. Бошқалар қатори биз ҳам дискда тарқалаётган иллатлардан бехабар унинг харидорига айландик. Концертни кўргач, ҳайратдан ёқа ушладим. Қизиқ, бу жамоанинг ҳазиллари ортида нима яширинган? Коса тагида ним коса, деганларидек “Дизайн”чиларнинг айтаётган ҳазиллари таг замирида гапиришга андиша қилинадиган сўзлар ётганини мутасаддилар ва томошабинлар наҳот англамаган бўлсалар? Англашган, англашгандаки... Залда қўлини ҳали тиззасига уриб, ҳали бошини чангаллаб кулаётган йигитлар, турмуш ўртоғи, фарзандлари билан ўтирган одамлар, ёш қизлар, аёлларнинг наҳот қулоқларини том босган, андишаларини ер ютган бўлса? Йўқ, улар ҳаммасини тушунишади. Тушунишмаганда, билишмаганда кулишмасди. Улар орасида ҳали оқ-қоранинг фарқига бормайдиган болалар, маънавий дунёси эндигина шаклланаётган мактаб ўқувчилари борлиги энг ачинарли ҳолат. Ота-оналар эса лабида табассум билан на фарзанди ва на ён-атрофидаги одамлардан уялмай концерт кўриш билан овворалар. Оч қорним, тинч қулоғим қабилида иш тутадиган бундай кимсалар нафақат ўзларига, балки ўзгаларга ҳам зарар келтираётганларини билишган эди...
Концертда янграган “Эй, Динай қуй”, “Онангни ишаниси бошланди”, “Котта оғамни ҳам кўрмаган-ку” каби жумлаларни эшитиб, кўзим қинидан чиқа ёзди. Аввалига тушунмадим, лекин бу сўзларнинг талаффузини эътибор билан эшитсангиз, айтишга ҳам тил бормайдиган уятли ва ҳақоратли сўзларнинг оҳангига олиб боришга ҳаракат қилинганини шундоқ сезасиз. Қани бизнинг самимий, халқона ҳазилларимиз? Ўзбек қизиқчилик санъати шу даражада тубанликка юз тутдими? Юқорида айтганимдек, қизиқчилик санъати фақат одамларни кулдириш эмас, балки уларнинг маънавий қиёфасини шакллантириш эмасми?
“Дизайн” навбатдаги концерт дастурида санъаткорлар, йигит билан қиз муносабатлари, оиладаги эр-хотин муносабатлари, қишлоқ ҳаёти ва бошқа мавзуларда ҳазилларни олиб чиқди. Авваламбор, танланган мавзулар тамошабинларга ёд бўлиб кетган. Жамоанинг бу сафарги концерт дастурида ҳам деярли янгиликлар йўқ. Қилинаётган ҳазилларнинг аксарият қисмида ўша уятли сўзлар ва маъноларга олиб борувчи гаплар ишлатилмоқда. Маданий ҳордиқ оламан деб концертга кирган томошабинлар ҳазилларда гап нима ҳақида кетаётганини жуда яхши билсалар керак...
“Дизайн” жамоаси концерт дастурида ишлатаётган бундай ҳазиллар, қочириқли гаплар, қандай қилиб “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси текширувидан ўтган. Жамоа эса “Ўзбекнаво”га “бир қоп ҳазиллардан, бир пиёласини” ўтказгани учун миннатдорчилик билдирди. Демак, “қоп”да қолиб кетган ҳазиллар бундан ҳам “даҳшат” экан-да? Яна бу йигитлар саҳнага чиқиб ўзини санъаткорман дейиши, санъат ва миллат учун тузукроқ хизмат қилмай туриб, буюкликка даъво қилиши кишининг ғазабини қўзғайди. Бу гапни эшитгач санъаткорнинг саҳна маданияти бемаъни ҳангомалар гирдобида чўкиб кетаяптими деган ўйга келасан.
“Дизайн” жамоаси аъзолари фарзандлари, яқинлари, дўстлари орасида ўзларининг қилаётган ҳазилларидан уялмасалар, “Ўзбекнаво”нинг ходимлари ҳам концерт дискларини оила аъзолари билан томоша қилишдан андиша қилмасалар ва бундай ҳазилларни халққа “тортиқ” этишни канда қилмасалар, демак биз юқорида билдирган фикрларимиз билан замондан орқада қолганга ўхшаймиз.
Бир вақтлар “Миллион” жамоасининг лицензияси нобоп ҳазиллари учун олиб қўйилган эди. Бундан чиқди “Миллион”нинг ҳазиллари маънавиятимизга тўғри келмайдию “Дизайн”ники айни бизбоп эканда, шундайми?
Мамлакатимиз раҳбари ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида инсонни ўз ортидан эргаштирувчи асосий омиллардан бири сифатида санъат соҳасига алоҳида эътибор қаратиб, санъаткор маданияти, саҳналарда ижро этилаётган ижодий асарларга танқидий назар ташлаб, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масаласида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида тавсиялар бериб ўтадилар. Бу вазифаларни маданият ва санъат соҳасига даҳлдор ташкилотлар, санъаткорлар адо этмаса, ким адо этади?
Келажакда улғайиб, балоғатга етган ёш авлод, ўзбек қизиқчилик санъати деганда нимани тушунасиз, деган саволга “Дизайн” ва шунга ўхшаганларнинг ҳазилларини эсга оладими? Хулосага шошилманг!