Анқарада бўлган қўпорувчилик ҳаракати натижасида 37 киши ҳалок бўлди ва 130га яқин одам жароҳатланди.
13 март куни
Анқарада бўлган қўпорувчилик ҳаракати натижасида 37 киши ҳалок бўлди ва 130га яқин одам жароҳатланди. Туркия ҳукумати терактда Курдистон ишчи партиясини айблади. Терактни амалга оширишда икки ҳудкуш – эркак ва аёл иштирок этгани айтилган эди. Уларнинг иккаласи ҳам террористик гуруҳга алоқадор деб
топилди.
Қуйида ана шу тераккт қурбонларининг юракни ларзага солувчи ҳикояларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Беркай Баш, 21 ёш
Ўрта Шарқ техника университетининг Металлургия муҳандислиги факультетининг биринчи босқич талабаси Беркай ота-онасига Қизилойда эканини айтганидан бир неча дақиқа ўтиб ҳалок бўлди. Беркайнинг жасади шифохонада эканлиги айтилмагунча, унинг оила аъзолари туни билан уни қидиришган. Беркайнинг отаси Расим Баш тўнғич ўғлининг таъзия маросимида иштирок эта туриб, Транспорт вазири Бинали Йилдиримга йиғлаб, “терроризмни аллақачон тугатиш керак”, – дея нола қилди.
Меҳмет Эмре Чакар, 16 ёш
Оиладаги учала фарзандда ҳам жигар касаллиги бўлгани учун Чакарнинг оиласи тиббий муолажалар учун Кутаҳядан Анқарага кўчиб ўтган эди. Чакар яқинда операция қилиниши ва унга отасининг жигаридан бир қисми ўтказилиши кутилаётган эди. Унинг икки опаси ҳам худди шундай операция қилинган. “Менинг ўғлим жигаримни беришимдан олдин вафот этди. Бунга қандай қилиб бардош бераман? Парвардигор ҳеч қачон бандаларини фарзанд доғини кўрсатиш билан синамайди”, – дейди Ҳикмет Чакар.
Дестина Пери Порлоқ, 16 ёш
Мактабда жуда аъло баҳолар билан ўқийдиган Порлоқ онаси билан яшар эди. Отаси эса у дунёга келишидан аввал автоҳалокат сабаб вафот этган. Теракт вақтида Порлоқ Қизилой майдонидаги бекатда уйга кетиш учун автобусни кутиб ўтирган эди. Ўспирин қизнинг 83 ёшли буваси Шевчи Порлоқ қўпорувчилик ҳаракатини амалга оширганларни лаънатлаб, полиция ва ҳарбийларга терроризмга қарши курашиш учун мадад тилади. Унинг айтишича, Порлоқ муаллима ёки шифокор бўлишни орзу қиларди.
Озанжон Оққуш, 20 ёш
Электр муҳандислиги йўналишида таҳсил олувчи Оққуш ўтган йилнинг октябрь ойида Анқарадаги теракт оқибатида ҳалок бўлган Али Дениз Узатмаз билан яқин дўст бўлган эди. Унинг оила аъзолари бўлиб ўтган мудҳиш воқеадан саросимага тушиб қолишган. Мотамга Оққуш ўқиган мактабдан ҳамдардлик мактуби юборилиб, ёрқин келажакка эга бўлган истеъдодли ўқувчининг вафот этганидан мактаб аҳли чуқур қайғуда эканлиги билдирилди.
Кан ва Зайнаб, иккиси ҳам 20 ёш
Нусреттин Кан Чалкинсин Анқарадаги Гази университетининг Ҳуқуқ факультети биринчи босқич талабаси эди. У қиз ўртоғи Зайнаб Башак Гулсой билан Қизилой майдонида сайр қилиб бўлгач, автобус кутаётган пайтда теракт қурбони бўлдилар. Чалкинсин мамлакатнинг Трабзонспор футбол клубининг ашаддий мухлиси бўлган. Клуб унинг мотамига ҳамдардлик мактубини юборди.
Терроризм шафқат билмайди. Улар учун ёш ёки қари деган тушунча йўқ. Бутун дунё лаънатлаётган терроризмнинг куни қачон битаркин? Анқарада бўлган мудҳиш воқеанинг бу қурбонлари ҳали жуда ёш, навқирон эдилар. Уларнинг ҳар бирида келажакка умид, қанчадан-қанча орзулари бор эди.
Руслан Сулаймонов