Европага тақлид қилиб келинларга елкаси очиқ кийим кийдиришни ўргандик, гул отиш маросимини ҳам худди ўзимизникидек қабул қилдигу лекин, улар каби кам харажат 100-150 киши билан, ортиқча исрофсиз тўй қилишни ҳеч ўрганолмаяпмиз-да.
“Келинни келганда кўр...”
“Олтидан еғсанг ортади, еттидан еғсанг етади” деган нақл бор халқимизда. Бир хонадонда қиз фарзанд дунёга келган заҳоти оналаримиз унга сеп йиғишни бошлашади. Баъзи оилаларда қиз боланинг сепига бўлган эътибор, унинг илм олиши ва саломатлигига бўлган эътибордан анча устунроқ. “Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр” деб бекорга айтишадими? Сандиқ бежирим либослар-у, хорижнинг матолари билан тўлиб турганда, келиннинг илми билан биров қизиқармиди? (!) Хуллас, суриштирувларимиз натижасига кўра, бир қизнинг сепи учун энг камида 5 млн сўмдан 50 млн сўмгача пул сарфланар экан. Латта-путтанинг ўзи шунча бўлса-я?
“Фотиҳа” маросимининг ўзига кетадиган харажат бир тўйдан фарқ қилмай қўйди. 5-6 йил аввал тўй олди-бердиси анча йўқолиб, “фотиҳа”га жўнатиладиган нарсалар ўрнига “қуруғи”ни олиш урфга кирганди. “Қўлдан берганга, қуш тўймас” деганларидек, бу қуданинг берганига наригиси қаноат қилмади чоғи яна “фотиҳа тўйи” жўнатиш оммалашиб кетди. Аввалгидек сипо, битта қўй, ўнта патир, 8 та тоғора билан қайтган бўлса хўп дердик. Ҳозир тоғоранинг сони ҳам сифати ҳам ортган. Тоғора ўрнида фалон сўмлик махсус идиш, овқатларга қўшимча бир сават мева-чева... Ҳа, тўйга келадиган қўй ҳам аввалгидек эмас. Ҳозир қўйларни ҳам худди келинлардай кўзига сурма, лабига бўёқ суриб, бошига фата ўраш мода бўлибди-ку. Қўй бечора ўзини ойнада бир кўрганда эди, қассобнинг қўлига бормай жон берармиди...
“Қизнинг молигами ёки ҳолига...”
Нон синдирилиб, тўй куни аниқ бўлди дегунча келиннинг ота-онасини мебель дўконидан топишингиз аниқ. Бугун ётоқ мебели ва меҳмонхона жиҳозининг ёнига юмшоқ мебель қўшиб олиб бориш ҳам урф бўлганмиш. Наҳот, куёвларимизнинг орияти бунга йўл қўйса? Баъзан куёв тарафдан бўлаётган буюртмаларни эшитиб ёқа ушлайсан киши. Мебелларнинг нархини кўздан кечириш чоғида ўзимимизда ишлаб чиқарилган меҳмонхона мебелларининг ўртача нархи 3 млн сўмдан 10 млн сўмгача эканини, ётоқ мебеллари ҳам деярли шу нарх атрофидалигини аниқладик. Минг афсуски, “Келинлар қўзғалони”да айтилганидек, “Хўрозқанд чет элники деса, ётиб олиб ялайди”ганлар талайгина. Шошиб ўзимизда ишлаб чиқарилган мебелни олиб қўйсангиз борми, қайнона бўлмишнинг қовоғидан қор ёғиб, қизингизга бир умр кун бермайди. Қизиқ, йигитларнинг ўзи ётадиган мебелни турмуш ўртоғи олиб келишига қанчалик нафсонияти чидаркин? Албатта, халқимизда танти, зиёли қайнона ва қайноталар, мард йигитлар ҳам бор. Бўлажак қудалар қизнинг молига эмас, ҳолига қараб иш тутадиган бўлса хўп-хўп акси бўлса, ўзингизни бозордан топасиз.
P/S.: Тўй-тантаналар ва оилавий маросимларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабадан ҳоли ўтказиш тўғрисида қанча бонг урмайлик, ўзим – хон, кўланкам – майдон қабилида иш тутаётганлар афсуски, учраб турибди. Бундан бир неча йил аввал, келин салом ва чарлари каби маросимлар анча камайган эди. Пулдор, ўзининг кимлигини кўрсатишга, қавм-қариндош ва танишлар олдида ясама обрў топишга уринаётганлар орамизда жуда кўп топилади. Бу ҳам етмагандек аёллар билан ўтадиган бу тадбирларда бугун эркаклар ҳам фаол. Куёв ва эркак қуда ҳам ўзининг меҳмонларини бошлаб келишига нима дейсиз? Сарпо кийиб чарчамадингизми, куёвтўралар? Дарвоқе, чарларини ўтказишга кетадиган ўртача сарф-харажат 7-8 млн сўмни ташкил этаяпти.
Тўй-ҳашамларни тартибга солиш, ортиқча дабдабага берилмаслик юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрда “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги ПФ-2100 сонли Фармони қабул қилинган эди. 2012 йилнинг 18 апрелида эса Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг шу маънодаги қарори эълон қилинди
Тўйни қандай қилиш, йиллар давомида тўплаган давлатини қай йўсинда ишлатиш албатта ҳар кимнинг ўз иши. Бироқ, ўзимни кўрсатаман деб бошқаларнинг нафсониятига тегиб, ночор, қўли калталик қилаётган одамларни қийнаб қўяётганимизни, молу давлатни деб ёш оилаларнинг бузилиб кетишига сабабчи бўлиб қолаётганимизни унутмайлик. Европага тақлид қилиб келинларга елкаси очиқ кийим кийдиришни ўргандик, гул отиш маросимини ҳам худди ўзимизникидек қабул қилдигу лекин, улар каби кам харажат 100-150 киши билан, ортиқча исрофсиз тўй қилишни ҳеч ўрганолмаяпмиз-да. Ахир бахт мол-давлат ёки дабдабада эмас-ку. Ажрашиш арафасида жар ёқасида турган оилани бойлик, тоғораю мебеллар, сандиқ тўла сарполар сақлаб қололганимизда эди...Хулоса ўзингиздан!