Қирғизистон фуқароларини хориждаги ҳарбий ҳаракатларга жалб қилиш бўйича 200 дан зиёд ҳолатлар аниқланган.
“Шу йилнинг 13 февраль куни республика ҳудудига халқаро террорчилик ташкилотлари жангариларининг яширин тарзда кириб келиши ва аниқланиши бўйича давом этаётган аксилтеррорчилик тадбирида яширин террорчилик гуруҳининг фаол аъзоси бўлган Қирғизистон фуқароси, 1992 йилда туғилган У.К. қўлга олинди. Қўлга олинган шахс Сурияда жангарилар қўлида ҳарбий тайёргарлик кўргани ва “ўз жонига қасд қилиш” бўйича махсус курс бўйича тайёрлангани аниқланди” деб хабар берди матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, қўлга олинган шахсга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг “ўзга давлат ҳудудида қуролли низолар ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани ёки террорчилик ва экстремистик тайёргалик ўтагани” ва “ёлланмачилик” банди асосида жиноий иш қўзғатилган.
Сурия ва Ироқ ҳудудида турли халқаро террорчилик ташкилотлар таркибида беш юздан зиёд Қирғизистон фуқаролари борлиги айтилмоқда. Ўтган йили мамлакат ИИВ Қирғизистон фуқароларини хориждаги ҳарбий ҳаракатларга жалб қилиш бўйича 200 дан зиёд ҳолатларни аниқлаган.