Сайловда асосан икки номзод ўртасида кураш бориши тахмин қилинмоқда.
Бугун, 15 октябрь куни Қирғизистонда президент сайлови ўтказилмоқда. Мамлакат ҳудудидаги барча сайлов участкалари сайловчиларни кутиб олмоқда. Уларнинг Қирғизистон келажаги учун билдирган сиёсий иродаси кейинги 6 йилда мамлакат истиқболини белгилайди. Буни барча ҳис қилиб турибди.
Қирғиз халқи ўз мустақиллиги тарихида бешинчи президентни сайлайди.
Қирғизистонда Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбоев бошқарувидан сўнг навбатдаги президент сайлови ўтказилмоқда. Мамлакат ўз бошидан турли синовларни ўтказди, ташқи кучлар таъсиридаги инқилоблар, қонли ҳукумат алмашинувлари шулар жумласидандир.
Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев 2005 йилда, иккинчи президенти Қурманбек Бакиев 2010 йилда инқилоблар туфайли лавозимидан четлатилган эди.
2010 йилги инқилобдан сўнг мамлакатни қарийб бир ярим йил давомида вақтинчалик президент сифатида Роза Отунбаева бошқарган эди.
Алмазбек Атамбоев президентлик ваколатларини бажаришга 2011 йилнинг 1 декабрда киришган эди.
Ушбу сайловларнинг Ўзбекистон учун ҳам аҳамияти улкан, сабаби ушбу қўшни мамлакат стратегик муҳим ҳамкордир.
Президентлик сайловларида 59 киши номзод сифатида сайловда қатнашиш истагини билдирган эди. Улар президентликка номзод сифатида рўйхатга олиш илтимоси билан Қирғизистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ариза топширган. Бироқ номзодларнинг асосий қисми президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун қўйиладиган талабларни бажара олмаган.
Номзодлар:
- қирғиз тилидан имитиҳон топшириш;
- камида 30 минг тарафдори имзосини йиғиши ва имзоларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши;
- сайлов жамғармасига 15 минг долларга эквивалент маблағ ўтказиш шартларини бажариши лозим қилиб белгиланган эди.
Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 10 сентябрь куни 59 талабгордан 13 нафарини президентликка номзод сифатида рўйхатга олганини эълон қилди.
Улар Темир Сариев, Ўмурбек Бабанов, Сооронбай Жээнбеков, Бакит Торобаев, Эрнис Зарликов, Адахан Мадумаров, Азимбек Бекназаров, Токтайим Умуталиева, Улукбек Кочкаров, Арсланбек Малиев, Таалатбек Масадиков, Камчибек Ташиев ва Арстанбек Абдилдаевлар.
Дастлаб, икки номзод Камчибек Ташиев ва Бакит Торобаев сайловда номзод сифатида иштирок этишдан бош тортди.
Қирғизистонда 3 миллион 25 минг 770 нафар сайловчи Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга киритилган.
Бугун, 15 октябрь куни сайловчилар 11 номзоддан бири учун овоз берадилар.
2010 йилда қабул қилинган Конституцияга мувофиқ Қирғизистон президенти ваколатлари муддати 6 йил қилиб белгиланган. Бу лавозимга 1 киши фақат 1 марта сайланиши мумкинлиги қайд этилган.
Бугунги сайловларда асосий номзодалар сифатида Қирғизистоннинг 2011-2012 йиллардаги Бош вазири, Жўғўрқу Кенеш депутати, “Республика – Ата-Журт” фракцияси лидери, 47 ёшли Ўмурбек Бабанов ҳамда Қирғизистоннинг Сапар Исаковдан олдинги Бош вазири, президентликка амалдаги президент партияси – Қирғизистон социал-демократлар партияси (ҚСДП) дан кўрсатилган, 59 ёшли Сооронбай Жеенбековлар қайд этилмоқда.
Кимнинг президент бўлиши эса халқнинг сиёсий иродасига боғлиқ.
Мамлакатнинг бешинчи президенти давлат раҳбари ваколатларини бажаришга 2017 йилнинг 1 декабридан киришиши белгиланган.