
Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро М.Ўтаганованинг электр назоратчиси найрангига алдангани 1 200 000 сўмга тушди.
Таҳририятга келиб тушган онлайн аризаларнинг бирини ўрганиб чиқиб, мурожаатни тегишли идора масъулларига “очиқ хат” тарзида ҳавола этамиз.
Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани, Кўкдала қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Манзура Ўтаганова аризасининг мазмуни қуйидагича:
“2017 йилнинг 13 март куни Кўкдала ҳудуди ТЭТК назоратчиси А.Махмарасулов келиб, электр ҳисоблагич кўрсатгичида 500 минг сўм қарз борлигини, агар мен унга 300 минг сўм берсам, қарзимизни бутунлай ёпиб юборишини билдирди. Аммо менда шунча пул йўқлиги учун бера олмадим. Назоратчи баённома тузиб, менга имзолатди. Баённомада у бир миллион икки юз минг (1 200 000) сўм жарима ундирилиши тўғрисида ёзган экан. Мен соддалик қилиб ўқиб ҳам кўрмабман. Тўрт нафар вояга етмаган фарзандим бор, турмуш ўртоғим иккинчи гуруҳ ногирони. Шунча пулни қаердан оламан? Бу ноҳақлик юзасидан туман электр назорати идорасига мурожаат этдим. Аммо назоратчи А.Махмарасулов ишдан бўшаб кетган экан”, деб ёзади ариза муаллифи.
Ушбу ҳолат кўпчиликка таниш. Одатда газ, электр ёки сув таъминоти назоратчиларининг бундай “хотамтой”лигидан азият чекканлар кўпчиликни ташкил этади. Бундай назоратчиларнинг аксарияти қилғиликни қилиб қўйиб, ном-нишонсиз ғойиб бўлиши масалани янада чигаллаштиради.
Мазкур муаммо юзасидан фуқаро М.Ўтагановага тегишли идора масъулларининг кўмагини ҳамда таҳририятимизга жавобини кутиб қоламиз.