23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтадиган ШҲТ саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга қўшилиши тўғрисида меморандум имзоланиши режалаштирилмоқда.
ШҲТга Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади. Белорусь, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон кузатувчи мақомига эга. 2015 йил июль ойида Уфада бўлган саммитда Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга қабул қилиш жараёни бошланган эди. Тошкент саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга қўшилиши ҳақида меморандум имзоланиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Эроннинг аъзоликка қўшилиш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилади.
“Халқаро вазият мураккаб ва ранг-барангдир. Ташкилотимизга у ёки бу халқаро муаммоларга нисбатан турлича ёндашадиган аъзоларнинг қўшилиши – муаммоларни ҳал қилмайди, лекин уларнинг ечими учун шароит яратади. Биз бунга жуда ишонмоқдамиз”, дейди Путин. Унинг айтишича, бу ташкилот тузилганда қўйиладиган вазифалар унчалик катта эмас эди. Дастлабки йилларда ташкилот чегара муаммоларини ҳал этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Лекин шу нарса аниқки, бирор давлат муаммоларни ҳал этилишини ўз хоҳишига кўра истамаса, қўйиладиган вазифалар ўн йиллаб қуруқ гаплигича қолаверади, аксинча ҳолатда эса муаммолар ечилади.
Унинг сўзларига кўра, Россия, Хитой ва бошқа аъзо давлатлар олдинга қўйилган вазифаларни бажаришда бир-бирларининг хоҳиш-истакларига асосланиб иш тутадилар.