Россияда президентлик сайловлари ўзига хос янги рекордларни қайд этмоқда.
Кеча, 18 март куни кечаси Россия пойтахти Москва марказида жойлашган Манеж майдонида сайловчилар, ОАВ вакиллари ва бир қатор жамоат ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувда Путин бўлиб ўтган сайлов жараёни ҳақида фикрларини билдириб, келажакдаги режаларини қисман баён қилди.
“Раҳмат, сизларга, дўстлар! Пойтахтимиз марказида, мана шундай қорли Москванинг марказида йиғилганингиз ва қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат. Россиянинг кучи ҳам бирликда. Россия мана шундай давом этади”.
Путин ушбу учрашув давомида журналистларнинг мамлакатда реформалар юз бериш эҳтимоли ҳақидаги саволига бунга эҳтиёж йўқ, деб жавоб берди.
Шунингдек, у ҳукуматдаги кузатилиши мумкин бўлган ўзгаришлар ҳақида қуйидагиларнииайтиб ўтди:
“Умуман олганда, ҳукуматдаги барча ўзгаришлар янги муддатга ўз вазифаларини бажариш учун киришган президент томонидан амалга оширилиши керак. Шунинг учун ҳозирда нимани ва қандай қилиш лозим экани ҳақида ўйлаяпман, шу сабабдан асосий ўзгаришлар, барча ўзгаришлар инаугурациядан сўнг юз беради”.
Таъкидлаш керакки, Россиянинг Қирим ўлкасидаги сайловчиларнинг 92 фоиздан ортиғи Путин номзоди учун овоз бергани қайд этилди.
Умумий тарзда Путин ҳозирда 76,66 фоиз, яъни 55 миллион нафар сайловчи овозига эга бўлгани ҳолда ўзининг президентлик сайловлардаги рекорд натижасини ўрнатди.