Владимир Путин билан бўлиб ўтган матбуот анжумани ўз ниҳоясига етди. Унда мамлакат ичидаги масалалар билан бирга, халқаро майдонга оид мавзулар ҳам муҳокама қилинди.
Гарчи Россия Президенти келажакка нисбатан умид ва ишонч билан қараётган бўлса-да, Россиянинг аҳволи яқин келажакда янада оғирлашиши мумкин. Россия иқтисодиётининг табиий хом-ашё соҳасига ҳар томонлама боғланганлигидан келиб чиқсак, нефтнинг нархи тушиб кетиши мамлакат иқтисодиётига жиддий зарба бериши мумкин.
Иқтисодий масалалар матбуот анжуманининг дастлабки қисмларида муҳокама қилинган бўлса, сиёсий мавзудаги саволлар ўзини узоқ куттирмади. Саволлардан бирининг Россия-Туркия алоқаларига тегишли бўлишига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ эди. Ушбу мавзу доирасида янграган мурожаатга жавоб берар экан, Путин Туркия ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг яна ўз ҳолига қайтишига умидсизлик билан қаради. Лекин муносабатларни тиклашнинг йўли бор: “Агар Туркия қилган иши учун узр сўраса, айбдорларни жазоласа ва келтирилган зарарларни қопласа бунга эришиш мумкин” – дейди давлат раҳбари. Туркиянинг бундай таклифга ҳеч қачон рози бўлмаслиги эса кундек равшан.
Қолаверса, икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг ёмонлашуви Россиядаги туркий халқларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Айниқса, Татаристон Республикасидан ташриф буюрган журналист ушбу вазиятга алоҳида урғу берди. Лекин Путин маданий алоқаларга зарар етказмасликка ҳаракат қилишини таъкидлади.
Ҳақиқатан ҳам, Россияда яшовчи кўпгина миллатлар турклар билан яқин муносабатларга эга. Татаристон, Бошқирдистон, Чеченистон ва Шимолий Кавказнинг бошқа Республикалари Туркия билан алоҳида иқтисодий ва маданий алоқаларга эга эди.
Татаристондан ОАВ вакиллари томонидан кўтарилган яна бир мавзу 2016 йилнинг 1 январидан Республикада Президент лавозимининг бекор қилиниши бўлди. “Татаристон Республикаси Президенти” қайси сўзларга алмаштирилиши ҳамма учун қизиқ. Путинга юзланган журналистнинг фикрича мазкур қарор татар халқининг ҳақ-ҳуқуқларига зарар етказиши мумкин. Бу минбардаги раҳбар учун ноқулай саволлардан бири бўлди. Лекин кўпчилик бу саволнинг изоҳини унчалик тушуна олмади. Айтиш лозимки, 2011 йилда Чеченистон Республикаси Президенти лавозими ҳам “Чеченистон Республикаси давлат раҳбари”га алмаштирилган эди. Татаристонда ҳам худди шундай ўзгаришлар рўй берса ажаб эмас.
Анжуман давомида Сурия ва Башар Асад долзарб мавзулардан бири бўлди. Путин халқаро ҳамжамиятни Суриядаги террорчиларга қарши курашга чақирди. Асаднинг тақдири терроризм муаммосини ҳал қилмаслигини айтиб ўтди. Шунингдек, Путин Асаднинг тақдири Сурия халқи томонидан белгиланиши лозимлигини уқтирди.
Сурия мавзуси давом этар экан, Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатлари ҳақида ҳам саволлар янгради. Асосий урғу эса ушбу ҳаракатларга сарфланаётган маблағлар ҳақида бўлди. Путиннинг таъкидлашича, ушбу “операция” катта харажатларга сабаб бўлмаяпти. Президент Россияда олиб бориладиган ҳарбий ўқув машғулотларининг кўламини қисқартириш эвазига, Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар қўллаб-қувватланаётганини сўзлаб ўтди.
Кейинги саволлар Россиянинг қўшни давлатлар билан ҳамкорлиги ҳақида бўлди. Айниқса, Украина ва Грузия масалалари бўйича бир қанча жиддий саволлар ўртага ташланди. Владимир Путин Украина ва Грузия билан сўнги йиллардаги муносабатларга эътиборини қаратар экан, ўз мулоҳазалари сўнгида ушбу давлатлар билан келажакдаги алоқаларни иложи борича яхшилашга ваъда берди.
АҚШдаги бўлажак сайловлар мавзуси ҳам анжуманнинг диққат марказида бўлди. Президент Россия АҚШ билан ҳар доим ҳамкорлик олиб боришга, ҳатто нозик масалаларда ҳам муомалага киришишга тайёр эканини маълум қилди. Путиннинг сўзларига кўра, АҚШда ҳокимият тепасига ким келишидан қатъи назар, Россия мулоқот учун доим очиқ.
Анжуманнинг қолган қисмида бир-биридан муҳим бўлган мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий соҳаларига алоқадор масалалар ҳақида суҳбатлар бўлиб ўтди.
Шунинг билан, Россия Президенти Владимир Путиннинг навбатдаги матбуот анжумани ниҳоясига етди.