
Конгрессдаги асосий масала – 2026 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати учун мезбонни аниқлашдан иборат эди.
Москва шаҳридаги “Экспомарказ”да бўлиб ўтаётган ушбу тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, шунингдек, ЎФА бош котиби Сардор Раҳматуллаевлар ҳам иштирок этмоқда. Шунингдек, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳам конгрессга ташриф буюрди ва чиқиш қилди.
ЖЧ-2026 баҳсларига мезбонлик қилиш учун АҚШ-Мексика-Канада ва Марокаш мамлакатлари кураш олиб борди. Қайд этиб ўтиш лозимки, бунгача хеч қачон учта мамлакатда жаҳон чемпионати ўтказилмаган. Мезбонлик учун номзодларни танлашда Европа ва Осиё мамлакатларидан номзодлар қабул қилинмаган. Чунки, яқинда старт оладиган Мундиал Россияда, 2022 йилги жаҳон биринчилиги эса Қатарда ўтказилади.
Конгресс кун бўйи давом этади. Шунингдек, бугун 69-Конгрессга Париж шаҳри мезбонлик қилиши ҳам расман эълон қилинади. Қолаверса, иштирокчилар ЖЧ-2018га тайёргарлик, 2017 йилги молиявий якунларга оид масалаларни ҳам муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, эртага Москвадаги “Лужники” аренасида жаҳон чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда мезбон Россия терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади. Ушбу ўйинни ФИФАга аъзо барча Кондеферациялар раҳбарлари қаторида Умид Аҳмаджонов ҳам бевосита стадиондан кузатиб боради.
Бундан ташқари, ЖЧ очилиш маросимига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам таклиф этилганлиги ҳақида хабар бериб ўтдик.