Африкадан Европага яхшироқ ҳаёт кечириш учун йўл олган муҳожирларнинг баъзилари ички аъзолари учун сотиб юборилган.
Муҳожирларни ноқонуний ташигани учун беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган Нуриддин Ваҳобраби Аттанинг сўзларига кўра, Ўртаер денгизи орқали Европага келишга қурби етмаган мигрантлар 15 минг евро эвазига инсон ички аъзолари билан савдо қиладиган гуруҳларга, асосан мисрликларга сотиб юборилган.
Нуриддин Италия полицияси томонидан қўлга олинган. Унинг полицияга берган кўрсатмалари мигрантларни ташиш билан шуғулланадиган халқаро тармоқни фош этишга ёрдам берди. Полиция мазкур тармоққа алоқадорликда гумон қилинаётган 38 кишини ҳибсга олди. Уларнинг 25 нафари эритреялик, 12 нафари эфиопиялик ва биттаси италиялик экани аниқланди.
Италия Ички ишлар вазири Анхелино Альфанонинг айтишича, ҳукумат халқаро жиноятчи гуруҳга қаттиқ зарба берди. Мазкур гуруҳ Римда ўз молиявий операцияларини амалга оширган.
Нуриддин фаолияти давомида кўплаб муҳожирларнинг денгизда ғарқ бўлиб ҳалок бўлгани, айниқса, Лампедузада 360 кишининг чўкиб кетишидан ҳалигача ўзига кела олмаётганини таъкидлаб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, у кўрган фалокатлар муҳожирлар билан бўладиган мудхиш воқеларнинг кичик қисмидир. Яхшироқ ҳаёт илинжида Европа томон йўлга чиққан, лекин йўл ҳақи учун қурби етмайдиганларнинг тақдири жуда ачинарли якун топади. Нокас кимсалар уларни ваҳшийларча ўлдириб, ички аъзоларини катта пул эвазига сотиб юборади.
Маълумотларга қараганда, 2015 йил давомида 65 миллион киши яшаб турган ҳудудидаги уруш ва можаролар туфайли бошқа жойга кўчишга мажбур бўлган. Бу рекорд даражадаги кўрсаткичдир. Ўтган йили ҳар бир дақиқада 24 киши ўзи яшаб турган ҳудудини тарк этишга тўғри келган.