...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президентнинг кеча қабул қилинган икки фармони нимаси билан аҳамиятли?


13:01, 30.12.2017 Жамият
 7 651

Қуйида ушбу икки фармоннинг аҳамиятли жиҳатлари билан танишишингиз мумкин.

Кеча, 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бирданига икки фармонни имзолади. Улардан бири “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон бўлса, иккинчиси “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолия­ти­ни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон. Қуйида ушбу икки фармоннинг аҳамиятли жиҳатлари билан танишишингиз мумкин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолия­ти­ни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига
 
ШАРҲ
 
Иқтисодиётни инновацион ривожлантиришда академик илм-фаннинг ролини кучайтириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш, жойларда илмий мактабларни мустаҳкамлаш ҳамда тегишли ҳудудий ва тармоқ муаммоларини ҳал қилишда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, халқаро миқёсда мамлакат илм-фани нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
 
Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига охирги сайловлар 1995 йилда ўтказилгани мазкур Фармоннинг тарихий аҳамиятини янада оширади. Ўтган йиллар мобайнида академикларнинг сони икки мартадан кўпроққа қисқарди ва ҳозирги кунга келиб академиянинг атиги 63 нафар ҳақиқий аъзоси қолган эди.
 
Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижроси дорасида қисқа вақт ичида илмий-тадқиқот фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базаси ва молия­­­лаш­тириш механизмларини янада такомиллаш­тириш, моддий-тех­ни­ка салоҳия­тини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини оширишга йўналти­рил­ган мақсадли комплекс чора-тадбирлар изчил равишда амалга оширил­моқда.
 
Бу кенг қамровли вазифаларни амалга оширишда мамлакат фундаментал фанининг етакчиси сифатида Фанлар академияси ҳақли равишда алоҳида ўрин тутади.
 
9 та илмий-тадқиқот муассасаси Фанлар академияси таркибига қайтарилди, қатор илмий ташкилотлар қайта ташкил этилди, Фанлар академиясининг фан йўналишлари бўйича 3 та бўлими ва Навоий бўлими ташкил этилди, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши фаолияти йўлга қўйилди. «2017-2021 йилларда республикада илмий-тадқиқот муассасалари инфратузилмасини мустаҳ­кам­лаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури» амалга оширилмоқда.
 
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фан ва таълим соҳаларини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари сифатида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-таддқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаш­тирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш белгиланган.
 
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилиниши Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга хизмат қилади ҳамда иқтисодиёт ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида инновацион жараёнларни жадаллаштиришга катта туртки беради.
 
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан 22 йиллик узоқ танаффусдан сўнг академикликка тасдиқлаш учун энг муносиб олимларни танлов асосида саралаб олиш ишларига якун ясалмоқда. Фармонга мувофиқ, академиянинг Ҳайъати ва фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзолари тавсиясига кўра, Фанлар академиясининг 32 нафар янги ҳақиқий аъзолари тасдиқланди.
 
Тасдиқланган академиклар қаторидан – республиканинг физика-матема­тика, кимё, биоло­гия, техника, қишлоқ хўжалиги, тарих, иқтисодиёт, фило­­­ло­гия, ҳуқуқшунослик, педагогика, тиббиёт фанлари ҳамда санъат­шунослик соҳаларида кўзга кўринган, замонавий илмий-тадқиқот фаолиятини белгилаб берадиган қуйидаги қатор муҳим мезонлар бўйича кўп босқичли саралашдан муваффақиятли ўтган олимлари ўрин олди:
 
илмий жамоатчилик томонидан тан олинган, илм-фанни шахсий ютуқлари ва йирик илмий натижалари билан бойитган;
 
ўз йўналишида янги илмий мактаб ташкилотчиси ва раҳбари бўлган ёки мавжуд илмий мактабни ривожлантиришда бевосита иштирок этган;
 
амалиётга жорий этилган ишланмаларга эга бўлган ёки ўзи раҳбарлик қилаётган жамоа ходимлари томонидан эришилган фан ютуқларини ишлаб чиқаришга ёки амалиётга жорий этишда бевосита қатнашган;
 
фундаментал, амалий илмий лойиҳалар ва инновацион ишланмаларга илмий раҳбарлик қилган;
 
халқаро илмий лойиҳаларга илмий раҳбар бўлган ёки уларни бажариш ва халқаро илмий ҳамкорликда иштирок этган.
 
Танловли саралаш асосида академиклар қаторини тўлдириш натижасида Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари таркиби ёшарди, бу академик­ларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва интеллектуал салоҳиятидан илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш соҳаларида самарали фойдаланиш имкониятини беради.
 
Бундан ташқари, академикларни илмий, таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб этиш режалаштирилган.
 
Фармон билан, шунингдек, академикларнинг асосий фаолият йўналишлари доирасида 2018 йилга мўлжалланган “Йўл хариталари”ни тасдиқлаш топширилиб, улар томонидан илмий-инновацион соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, замонавий илм-фан ютуқларини оммалаштириш бўйича мақсадли тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.
 
“Йўл хариталари”да республикамизнинг чекка ҳудудлари, олис туман ва қишлоқлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилади.
 
Мамлакатимиз Президенти, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолия­ти­ни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга ҳам имзо чекди. Фармонда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб:
 
Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ва собиқ Ўзбекистон қиш­лоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзоларига энг кам ойлик иш ҳақининг ўн икки баробари;
 
собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг мухбир аъзоларига энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баро­бари миқдорида ойлик гонорар тўланиши белгилаб берилди.
 
Бундан ташқари, академиклар ва мухбир аъзоларга тўланадиган ойлик гонорарлар жисмоний шахс­лар даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилади.
 
Мазкур фармонларнинг қабул қилиниши академик илм-фан нуфузини янада ошириш, унинг кадрлар ва интеллектуал салоҳиятини мустаҳ­кам­­лаш, иқтидорли ёшларни илм-фан соҳасига кенг жалб қилиш, Фаол тад­бир­кор­лик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида инновацион жараёнларни жадаллаштириш борасида давлатимиз томони­дан қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг изчил равишда давом эттирилишидан далолат беради.

Теглар:Президент фармони Гонорар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар