Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига шарҳ.
жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш жараёнида илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларни қўллашга асосланган инновацион ёндашувларни жорий этиш бугунги кунда иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш ва давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ушбу соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.
Хусусан, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш доирасида 2013 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ишга туширилди.
Кўрсатиладиган хизматлар доирасини кенгайтириш мақсадида Ягона портал давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот тизимлари ҳамда ресурсларига интеграция қилинди. Бунинг натижасида ҳозирги пайтда портал томонидан 300 дан ортиқ хизматлар кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларнинг самарали бажарилишига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ғов бўлаётган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишга тўсқинлик қилаётган бир қатор камчиликлар мавжудлигини, хусусан:
давлат аҳамиятига молик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнини сифатли ташкил этиш, мувофиқлаштириш, мониторинг ҳамда назорат қилишни таъминловчи лойиҳа бошқарувининг ягона тизими мавжуд эмаслигини;
лойиҳаларни амалга ошириш суръати ва самарадорлигини тезкор кузатиш имконини берувчи илғор ахборот-коммуникация технологияларининг бошқарув жараёнига етарлича жорий этилмаганлигини;
давлат ва ҳудудий дастурларни, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда очиқлик ва шаффофлик даражасининг пастлиги мазкур соҳада молиявий маблағлар мақсадсиз ва самарасиз сарфланиши, шунингдек турли хил суиистеъмолчилик ҳолатларини келтириб чиқараётганлигини;
давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомиллари шаффофлигини таъминловчи, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотларининг маълумотлар базалари билан интеграция қилинган ягона ахборот майдонининг мавжуд эмаслигини;
амалга оширилаётган лойиҳаларнинг мақсадга мувофиқлиги, асослантирилганлиги ва рентабеллигини таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш, шунингдек уларнинг қийматини ошириб кўрсатиш ва бошқа суиистеъмолчиликлар аломатларини аниқлаш бўйича ишлар самарадорлигининг пастлигини;
товарлар, ишлар ва хизматларнинг ҳақиқий бозор қийматини аниқлаш имконини берадиган ягона классификатор ишлаб чиқилмаганлигини кўрсатмоқда.
Юқорида келтирилган ҳолатлар давлат бошқаруви тизими, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ қилиш шароитида ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминловчи, лойиҳа бошқаруви принципларига асосланган қарорлар қабул қилиш механизмларини ишлаб чиқиш ва назорат қилишнинг замонавий шакл ва услубларини жорий этишни талаб қилади.
Шу муносабат билан, қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан давлат дастурлари амалга оширилишини, молиявий маблағлар сарфланишини бошқариш механизмларининг самарадорлиги ва шаффофлигини янада ошириш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими яратилмоқда. Мазкур тизим:
ҳар бир ресурснинг (товарлар, ишлар ва хизматларнинг) ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда нотўғри техник топшириқ ва сметаларни юритишга йўл қўймаслик имконини берадиган ресурслар ягона миллий маълумотномасини жорий этишни;
уч ўлчамли лойиҳалаш технологиясидан фойдаланган ҳолда ресурслар ҳисобини юритиш, лойиҳа бўйича қабул қилинган қарор самарадорлигини баҳолаш, ресурслар миқдори ва турлари тўғри белгиланганлигини аниқлашни;
лойиҳаолди, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тегишли жараёнлардан ўтказиш, ижро интизомига риоя этиш, иш юритуви, ҳисоботлар тузиш устидан электрон назорат ўрнатишни;
давлат харидларининг шаффофлигини ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишни таъминлайдиган ягона автоматлаштирилган тизим ташкил этишни;
ишлар бажарилиши ва дастурлар ижросининг ҳақиқий ҳолатини акс эттирувчи календарь-тармоқ режалаштиришни жорий этишни, шунингдек хабардор қилиш тизимига эга режа ва жадвалларни шакллантиришни;
бошқарув қарорлари қабул қилишнинг назорат-таҳлилий таъминотини назарда тутади.
Шунингдек, Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти бевосита раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ташкил этилди ва унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилди:
Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва эксплуатация қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш;
ресурсларнинг ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда нотўғри техник топшириқ ва сметаларни юритишга йўл қўймаслик имконини берадиган ресурслар ягона миллий маълумотномасини юритиш;
давлат харидларини амалга ошириш учун ягона ахборот майдонини яратиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга кўмаклашишни таъминлаш, норентабелли ва самарадорлиги паст лойиҳаларни аниқлаш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда замонавий технологияларни жорий этиш концепциялари ишлаб чиқилиши ва ҳар томонлама таҳлил қилинишини таъминлаш;
лойиҳаларни, шу жумладан амалга оширилаётган лойиҳаларни коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликлар аломатлари мавжудлиги юзасидан комплекс техник-иқтисодий таҳлил қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими ишлашини таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларда жорий этиш;
лойиҳа бошқаруви соҳасида кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.
Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш ўта муҳимлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Фармон талабларининг сўзсиз ижро этилиши устидан қатъий назоратни таъминлаш юклатилди.
Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини янада оширишга, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга, давлат харидларини амалга оширишда коррупция ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек ижро интизомини мустаҳкамлашга, бунинг натижасида, энг аввало, иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш ва халқнинг фаровонлик даражасини юксалтириш борасида кўзда тутилган ислоҳотларни муваффақиятли рўёбга чиқаришга кўмаклашади.