...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент Термиз шаҳрида ташкил этиладиган замонавий тиббиёт марказлари лойиҳаси билан танишди


11:02, 12.02.2017 Жамият
 1 831

Тиббиётнинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам шундай марказлар, кардиология ва болалар касалликларига ихтисослашган клиникалар ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
 
Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифининг иккинчи кунини Термиз шаҳрида ташкил этиладиган замонавий перинетал, урология ва офтольмология марказлари лойиҳаси билан танишишдан бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Давлат раҳбарининг сайловолди дастурида мамлакатимизнинг олис ва чекка ҳудудларида ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини тубдан яхшилаш, соҳага замонавий ускуналарни кенг жалб этиш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, ташхис қўйиш ва даволаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Дастурда белгиланган ушбу вазифаларни ҳаётга изчил жорий этиш юзасидан Сурхондарё вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
 
Вилоят перинатал маркази инвестиция дастури асосида 2011-2012 йилларда 1 миллиард 520 миллион сўм маблағ эвазига қайта реконструкция қилинган. Тиббиёт муассасасини мақбуллаштириш ва аёллар консультацияси поликлиникаси ташкил этиш ҳудудда оналар ва болалар ўлимининг, чақалоқлар ногирон ва нуқсон билан туғилишининг олдини олишга хизмат қилади.
 
Сурхондарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида ташкил этилаётган Республика ихтисослаштирилган урология маркази Термиз филиали урологик касалликларни аниқлаш ва даволаш сифати ва самарадорлигини оширади. 415 ўринли янги марказда йилига беш юздан ортиқ кам инвазив амалиётлар бажарилади. Жумладан, зарба-тўлқинли литотрипсия, тери орқали эндоурологик муолажаларни қўллаш ва беморларни юқори технологик ускуналар билан даволаш 40 фоизга етказилади.
 
Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирирургияси маркази Термиз филиали катаракта, глаукома, томир тизими касалликлари, диабетик ретинопатия каби хасталикларга эрта ташхис қўйиш ва йилига уч минг беморни самарали даволаш имконини яратади.
 
Президент мазкур лойиҳалар билан танишар экан, соҳани янада такомиллаштириш, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш мақсадида яратилаётган бу шароитлардан унумли фойдаланиш учун ҳар бир ишни сифатли, пухта амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. 

Ушбу марказлар билан бирга, узоқ ва аҳоли кўп яшайдиган туманларда уларнинг бўлимларини ташкил этиш, одамларни овора қилмаслик учун жойларда кўриклар ўтказиш, тиббий ва овқатланиш маданиятини юксалтириш зарурлиги қайд этилди. Кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва тажрибали шифокорларни жалб этиш, ажратилган маблағлар ва тиббий ускуналардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Тиббиётнинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам шундай марказлар, кардиология ва болалар касалликларига ихтисослашган клиникалар ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди. 

Теглар:Шавкат Мирзиёевнинг Сурхонларёга ташрифи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар