Республикада мева-сабзавотчилик борасида халқаро ҳамкорлар тажрибасидан фойдаланилади.
Республикада ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мева-сабзавотчиликни интенсив ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун экин майдонлари сезиларли равишда кенгайтирилди, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича қувватлар ишга туширилди, молиявий ресурслар, жумладан, халқаро молия институтлари маблағлари фаол равишда жалб этилмоқда.
Шу билан бирга хорижий мева-сабзавот маҳсулотлари бозорларидаги юқори даражадаги рақобат агротехниканинг ҳамда ишлаб чиқариш ва маҳсулот етказиб бериш жараёнларини бошқаришнинг замонавий услубларини жадал равишда жорий этишни талаб қилмоқда.
Бироқ қатор салбий омиллар мамлакатимиз агросаноат соҳаси салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Улар жумласига қуйидагилар киради:
биринчидан, мева-сабзавот маҳсулоти ишлаб чиқарувчилари ва тайёрловчилари ўртасида мева-сабзавот экинлари бозорида харидоргир экинлар ва уларнинг навларини жойлаштириш масалаларида ўзаро ҳамкорликнинг бозор механизмларидан тўлиқ фойдаланмаслик;
иккинчидан, тузилган шартномаларни ўз вақтида, сифатли, тўлиқ ёки мутлақо бажармаслик каби ҳаракатларда намоён бўлувчи кичик қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан шартнома интизомига риоя қилиш даражасининг пастлиги;
учинчидан, қишлоқ хўжалиги меҳнатини механизациялаштириш, замонавий интенсив, аввало, сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, уларни сақлаш ва транспортировка қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг мустақил равишда ташқи бозорга чиқиши учун молия ресурсларини жамғариш учун қулай имкониятларнинг йўқлиги;
тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларининг бозорларда харидоргир бўлган юқори ҳосилдорликка эга ва сифатли навларнинг уруғи, кўчати билан қониқарли равишда таъминланмаганлиги;
бешинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларининг реал эҳтиёжларига жавоб бермайдиган кадрлар тайёрлаш тизимининг паст даражаси, жумладан, замонавий билимларга эга ўрта ва олий бўғиннинг юқори малакали мутахассисларини тайёрлаш бўйича халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилмаганлиги;
олтинчидан, логистика ва транспорт инфратузилмаси ривожланмаганлиги ҳосилнинг бир қисми нобуд бўлиши, шунингдек, етиштирилган маҳсулотни арзон нархларда сотиш ва натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларининг қониқарсиз молиявий кўрсаткичларига сабаб бўлмоқда;
еттинчидан, турли экинлар агротехнологияларининг долзарб масалалари ва уларни амалиётга жорий этиш бўйича чуқур илмий тадқиқотларнинг йўқлиги, илмий институтлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг паст даражаси.
Мева-сабзавотчиликни жадал ва самарали ривожлантиришни таъминлаш, юқори сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уни йирик хорижий бозорларга чиқариш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг изчил ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Сурхондарё вилоятида мева-сабзавот маҳсулотлари соҳасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида кластер усулини яратишни қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба йўлга қўйилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва туманлар ҳокимликлари жорий қишлоқ хўжалиги йилидан бошлаб:
мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан то сотишгача бўлган белгиланган жараённи мустақил равишда амалга оширувчи ягона ёки ўзаро боғлиқ корхоналар гуруҳи доирасида;
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига қишлоқ хўжалиги юмушларини ташкил қилиш учун экиш материали, аванс тўловларини тақдим этувчи ва улардан ишлаб чиқарилган маҳсулотни келишилган нархларда сотиб олувчи қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, тайёрловчи корхоналар, қайта ишловчилар, экспорт қилувчилар ўртасида кафолатланган шартномалар асосида “уруғ-кўчат-маҳсулот етиштириш-тайёрлаш-сақлаш-қайта ишлаш-транспортировка қилиш-бозорга етказиш” тамойили бўйича узлуксиз занжирни шакллантиришни кўзда тутувчи мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластер усулини (кейинги ўринларда мева-сабзавот кластерлари деб юритилади) кенг жорий этиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари З.Т.Мирзаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари тегишли тартибда чигитдан бўшаган ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини экишда:
логистика марказлари (мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш бўйича қувватлар, қишлоқ хўжалиги техникаси), шунингдек, ички ва ташқи бозорда мева-сабзавот маҳсулотларини сотиш тажрибасига эга;
замонавий иссиқхона хўжаликлари ва интенсив боғлар яратиш ва улардан фойдаланиш тажрибасига эга;
қўшимча қийматлар занжири бўйича кластер усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун шахсий ва жалб қилинган молиявий маблағларига эга;
мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш, жумладан экспорт қилишни ташкил қилиш, замонавий ресурс ва сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, янги иш ўринлари яратиш вазифаларини ўз зиммасига оладиган хўжалик юритувчи субъектларига (ўзаро боғлиқ корхоналар гуруҳига) биринчи навбатда ердан узоқ муддатли ижара шартларида фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:
2018 йилда ҳар бир ҳудудда 1-2 та мева-сабзавот кластерлари ташкил этсин ва 2019 йилдан бошлаб мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган барча туманларни қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг кластер шаклига жалб этсин;
мева-сабзавот кластерларига ички ҳамда ташқи бозордаги эҳтиёж ва тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, маҳсулот етиштириш ҳажми, уларнинг нави ва турини белгилаш, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари билан улар томонидан тайёрланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш юзасидан шартномалар тузиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи тақдим этилсин;
мева-сабзавот кластерларига кўчатзорлар, жумладан логистика марказлари (музлатгич, омбор, қайта ишлаш қувватлари, лаборатория, машина-техник станциялари учун инфратузилма бинолари)ни ташкил қилиш учун ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги қарорлар тезкор қабул қилинсин;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ирригация ва коллектор қурилмаларини тозалашда ёрдам кўрсатсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Р. Холмуродов Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда;
халқаро молия ташкилотлари ва институтлари кредит линияларини, жумладан мева-сабзавот кластерлари устав капиталига кейинчалик ушбу ҳиссаларни муассислар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан сотиб олиш ҳуқуқи билан жалб этиш;
мева-сабзавот кластерларини, бошқа мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва экспортчиларини экспортолди молиялаштириш учун тижорат банкларида кредит линияларини очиш;
кўчатзорларни ташкил қилиш, мева-сабзавот кластерлари логистика марказлари, иссиқхоналар қуриш ва интенсив боғлар барпо этиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари кредит линиялари ҳажмини кенгайтириш;
агрономлар ва мева-сабзавот кластерлари, замонавий интенсив боғлар ва иссиқхона хўжаликларининг бошқа ходимларини бир йилгача бўлган муддатга етакчи ихтисослашган хорижий компанияларга таълим олиш ва стажировка ўташга юбориш учун грант маблағлари ва халқаро ташкилотларнинг техник кўмак маблағларини жалб этиш бўйича таклифлар киритсин.
6. Қуйидагилар 2021 йил 1 январга қадар:
кўчатхоналар ва иссиқхоналарда уруғ, кўчат ва пайвандтаг етиштирувчи ва уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига етказиб берувчи хўжалик юритувчи субъектлари барча турдаги солиқ ва йиғимлар тўлашдан (ягона ижтимой тўлов бундан мустасно);
четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари иловага мувофиқ божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғим бундан мустасно);
импорт бўйича олиб кирилаётган, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари – 870120, 870421, 870422, 871639) божхона тўловлари ва Республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод этилсин.
7. 2018 йилнинг 1 январидан мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи ташкилотларга даромадга воситачи ташкилотлар учун кўзда тутилган ставка бўйича солиқ солган ҳолда мукофот суммасидан ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқи берилсин.
Белгилаб қўйилсинки, 2018 йилнинг 1 апрелидан битта мева-сабзавот кластери ичида сотиладиган маҳсулотга қўшимча қиймат солиғи солинмайди ва давлатнинг мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар ундирилмайди.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан 2017 йил 5 сентябргача иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар яратиш ва музлатгичлар қуриш учун халқаро молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан ажратилган валюта кредитлари бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизгача миқдорида компенсация тўлаш тартибини тасдиқласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва суғурта ташкилотлари билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва тайёрловчилари ўртасида контрактация шартномаларини суғурталаш механизмини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.
10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ билан биргаликда, тажриба тариқасида, реал натижалардан ва ҳосилнинг сақланишидан келиб чиқиб якуний ҳисоб-китобларнинг амалга оширилиши ва мукофот олишини ҳисобга олган ҳолда фитосанитария таъминотини, ўсимликларни зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоялашни таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2018 йилнинг 1 сентябригача бўлган муддатга Ўсимликларни зараркунандалар, касалликлар, бегона ўтлар, бактериялар ва вируслардан комплекс ҳимоялаш, фитосанитария назоратини кучайтириш ва республикада мақбул фитосанитария ҳолатини таъминлаш бўйича давлат дастурини ишлаб чиқсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги 2018 йил 1 ноябрга қадар барча қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари эркин фойдалана оладиган салоҳиятли хорижий бозорларнинг электрон маълумотлар базасини яратишни таъминласин, бунда мева-сабзавот маҳсулотлари турлари, навлари, асосий истеъмолчилари бўйича эҳтиёжларнинг тахминий ҳажми, шунингдек, қўйиладиган талаблари бўйича ахборот олиш имконияти кўзда тутилсин.
Белгилансинки, хорижий бозорлар бўйича маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги томонидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва савдо ваколатхоналарининг ходимларини жалб қилган ҳолда, шакллантирилади ва янгиланади.
13. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли илмий-тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда, қурғоқчилик, касалликлар ва зараркунандаларга чидамли қишлоқ хўжалиги экинларининг селекциясини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин.
14. “Ўзбекэнерго” АЖ (У.Мустафаев), “Ўзтрансгаз” АЖ (А.Мустафаев), шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига мева-сабзавот кластерларининг ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини электр энергия ва табиий газ билан уларнинг табиий эҳтиёжларига мувофиқ узлуксиз таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклатилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С.Отажонов, Ташқи савдо вазирлиги (Ж.Ходжаев) ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ (Х.Хасилов)га бир ой муддатда қуйидагилар бўйича таклифлар киритсин:
мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчиларга экспорт контрактлари бажарилишини таъминловчи муддатларда темир йўл вагонлари, шу жумладан, вагон-рефрижераторлар бериш тартибини мақбуллаштириш ва соддалаштириш;
шу жумладан, хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда замонавий рефрижераторли контейнерлар ишлаб чиқарилиши, халқаро регистрларда сертификациялаш ва рўйхатдан ўтказишни ташкил қилиш, шунингдек, уларни мева-сабзавот кластерлари, тайёрлов ташкилотлари ва бошқа манфаатдор фойдаланувчиларга, шу жумладан, лизинг орқали сотиш тартибини белгилаш бўйича.
16. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда агротехнологиялар соҳасида юқори малакали, замонавий билимларни эгаллаган мутахассисларни тайёрлаш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни таъминласин.
17. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вилоятлар ҳокимликлари, мева-сабзавот кластерлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг буюртмаларига кўра жалб этиладиган хорижий мутахассислар учун 12 ойгача бўлган муддатга кириш визалари ва кўп марталик визалар расмийлаштиришни таъминласин.
18. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вилоятлар ҳокимликлари, мева-сабзавот кластерлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг буюртмаларига кўра жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун давлат божини ундирмаган ҳолда кўп марталик визаларни расмийлаштириш, бериш ва узайтириш, шунингдек, яшаш жойи бўйича вақтинча прописка қилиш, ҳисобга қўйиш ва вақтинча пропискани узайтиришни таъминласин.
19. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мева-сабзавот кластерлари буюртмаларига кўра белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига қишлоқ хўжалиги бўйича юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун рухсатномалар берилиши, шунингдек, ушбу хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш (узайтириш)ни таъминласин.
20. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
21. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Н.С.Отажонов, З.Т.Мирзаев ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 29 март