Террорчилар бошлиғи АҚШ томонидан берилган авиазарбалар натижасида оғир жароҳат олган эди.
Асл исми Тархан Батирашвили бўлган жангари ҳақидаги маълумот учун ўтган йилнинг май ойида АҚШ давлат департаменти 5 миллион доллар миқдорида мукофот эълон қилган эди. Маълумотларга кўра, Батирашвили ДАИШ “кенгаши” аъзоси ва ташкилотнинг Суриядаги Ал-Табка шаҳрида жойлашган ҳарбий қамоқхонани бошқарган. У шунингдек, террористик ташкилотнинг молия масалаларини ҳам юритган.
Хабарда 4 март куни оғир яраланган аш-Шишани шу кунгача клиник ўлим ҳолатида бўлгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Аш-Шишанига ҳужум қилиш операциясида учувчисиз ҳаво аппаратлари ва одатий ҳарбий самолётлар иштирок этди. Авиазарба Суриянинг Эш-Шаддади шаҳри ҳудудида 4 март куни амалга оширилди. Мазкур ҳудудда ДАИШ томонидан уч йил олдин босиб олинган йирик нефть кони мавжуд. Эш-Шаддади стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Шаҳар Ироқнинг Мосул шаҳрига борадиган шоссе устида жойлашган ва жангарилар томонидан база сифатида ишлатилади.