Пак Кин Хе 2012 йил 19 декабрда Корея Республикасининг президенти этиб сайланган эди.
Коррупцион масалаларда иштирок этганликдаги айбловлар натижасида келиб чиққан йирик сиёсий можаро Пак Кин Хени лавозимидан озод этилишига сабаб бўлди.
Пак Кин Хе ҳокимият тепасида фаолият олиб борган даврда қандай ишларни амалга оширди? Мазкур мақола ана шу саволга жавоб тариқасида тайёрланди.
Пак Кин Хе 2012 йил 19 декабрда “Сэнури” партиясидан номзод сифатида 51,6 фоиз овоз тўплаган ҳолда Корея Республикасининг президенти этиб сайланган. Сайловда унинг рақиби Мун Чжэ Ин 48 фоиз овоз тўплаган. Инаугурация маросими 2013 йил 25 февралда ўтказилган. Ушбу маросимда Пак Кин Хе жаҳон иқтисодий инқирозига ва Шимолий Кореянинг ядро таҳдидига қарши курашишга ваъда берган эди. Айтиш керакки, Пак Кин Хе Жанубий Кореяда президент лавозимини эгаллаган илк аёлдир.
Иқтисод
Президентлик лавозимига киришган Пак Кин Хе иқтисодий юксалиш даври – “Ханган дарёсида иккинчи мўжиза”нинг бошланишини маълум қилганди. Биринчи “мўжиза” унинг отаси – Пак Чон Хи томонидан амалга оширилган дейилади. Пак Чон Хи бошқарган 1963-1979 йилларда Корея иқтисодиёти тез суръатларда саноатлашиб кетганди.
Пак Кин Хе 2017 йилгача Кореянинг иқтисодий кўрсаткичи йилига 4 фоизга кўтарилиши кўзда тутилган ривожланиш дастурини ишлаб чиққан эди. Дастурга кўра, аҳолининг йиллик ўртача даромади 33 минг АҚШ долларидан 40 минггача кўтарилиши кўзда тутилган.
Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, 2013-2015 йилларда мамлакатнинг Ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўртача ўсиш кўрсаткичи 2,93 фоизга етган. Бу эса аҳолининг ўртача йиллик даромадининг мақсад қилинган кўрсаткичига сабаб бўлган. Шундай бўлса-да, Пак Кин Хе мамлакатдаги ишсизликни паст даражада ушлаб тура олган. Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик ташкилотининг маълумотларги кўра, 2016 йилда Кореяда аҳолининг 3,6 фоизи ишсиз бўлган.
Пак Кин Хенинг иқтисодий сиёсати хорижий сармоядорларнинг қизиқишига деярли сабаб бўлмаган. Жаҳон банкининг хабар қилишича, мамлакатга жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестиция ҳажми 2012 йилдаги 9,5 миллиард доллар миқдордан қарийб 2 баробар камайиб, 5 миллиард долларни ташкил қилган. Экспертлар бунга мамлакатдаги ҳуқуқий тизимнинг ношаффофлиги сабаб бўлганлигини таъкидлашади.
2012-2016 йилларда Жанубий Корея энг юқори суверен кредит рейтингларини олишга эришди. 2015 йилда Moody’s халқаро агентлиги Жанубий Корея кредит рейтингини Аа3 дан Аа2 га кўтарган. 2016 йилда эса Standart and Poor’s агентлиги рейтингни АА- дан АА га кўтарди. Аввал бундай юқори рейтинг кўрсаткичига “Катта йигирматалик” давлатларининг 6 та мамлакати, яъни АҚШ, Германия, Канада, Австралия, Буюк Британия ҳамда Франция эриша олган.
Пак Кин Хе бошқаруви вақтида “креатив иқтисод” концепциясини амалга ошириш бошланган. Бу лойиҳа саноат ва бизнесга ахборот ва коммуникация технологияларини жалб этишни назарда тутган. Бундай лойиҳани рўёбга чиқариш жараёнида Пак Кин Хе Microsoft асосчиси Билл Гейтс, Google яратувчиси Ларри Пейж, Facebook ижтимоий тармоқ асосчиси Марк Цукерберг билан шахсан кўришган. Бу учрашувларнинг натижаси ўлароқ, 2013 йилда Кореяда “Креатив иқтисод шаҳри” номли интернет портали ишга тушган ва ҳар бир фуқаро бу ерга ўзининг инновацион ғоясини ёзиб қолдириши мумкин эди. Мамлакатнинг йирик шаҳарлари ва провинцияларида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган креатив иқтисод ва инновация марказлари иш бошлаган.
Корея Халқ Демократик Республикаси билан муносабатлар
2013 йил март ойида Пак Кин Хе Корея Республикаси ва КХДР ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни назарда тутган “Корея яриморолида ишончни мустаҳкамлаш” номли дастурни тақдим этди. Шу йил август ойида КХДР билан Корея Республикасини ажратиб турувчи ҳудудда “Тинчлик боғи”ни қуриш таклифини билдирди. 2014 йил февраль ва 2015 йил октябрда 1950-1953 йиллардаги Корея уруши вақтида турли ҳудудларга ажралиб кетган корейс оилаларининг учрашуви тикланди.
Корея Республикаси КХДР билан алоқаларни юқори даражада ушлаб турган. 2014 йил октябрда Жанубий Кореяга Корея халқ армиясининг Бош сиёсий бошқармаси бошлиғи Хван Бён Со бошчилигидаги КХДР ҳарбий делегацияси ташриф буюрган. Хван Бён Со КХДРнинг “иккинчи раҳбари” ҳисобланади.
Сеул Россия ва Шимолий Корея ҳамкорлиги маҳсули бўлган “Ҳасан-Ражин” логистик лойиҳасида иштирок этиш истагини ҳам билдирган. Бу лойиҳага кўра, Россия кўмири Жанубий Кореяга Шимолий Кореянинг Ражин порти орқали етказиб берилар эди.
2016 йил бошида Кореянинг икки томони ўртасидаги муносабатларига яна дарз кетди. 6 январь куни Шимолий Корея ядро синовини ўтказди, 7 февралда эса ракета учирди. Бунга жавобан Корея Республикаси ҳукумати 10 февраль куни “Ҳасан-Ражин” лойиҳасидан чиқишини ва КХДРнинг Кэсон шаҳридаги ҳамкорликдаги саноат комплексини ёпиши ҳақида маълум қилди.
Жанубий Корея БМТ Хавфсизлик Кенгашининг санкцияларини қўллаб-қувватлади ва КХДРга қарши бир томонлама чоралар кўришни бошлади: оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқаришда иштирок этганликда гумонланган шахслар ва ташкилотларга нисбатан молиявий чекловлар, Жанубий Корея портларига бундан аввал 180 кун мобайнида КХДР ҳудудида бўлган чет эл байроғи остидаги кемаларга кириш таъқиқланди. Учинчи мамлакат орқали Жанубий Кореяга Шимолий Корея маҳсулотларини олиб кириш маън этилди. Корея Республикаси фуқароларига КХДР ресторанларидан фойдаланиш таъқиқланди. Шу тариқа Пак Кин Хе маъмурияти Шимолий Корея билан ҳамкорликка чек қўйди.
Қўллаб-қувватлаш рейтинги ва танқид
Пак Кин Хенинг қўллаб-қувватлаш рейтинги тез суръатда тушиб кетди. 2013 йил июль ойида энг юқори кўрсаткич – 63 фоизга етган бўлса, 2015 йил январда 30 фоизгача тушиб кетди. Бунга асосан КХДР билан муносабатларнинг кескин тус олиши сабаб бўлди.
2015 йил сентябрь ойида президентни 54 фоиз аҳоли қўллаб-қувватлаган бўлса, 2016 йил апрель ойида Кореядаги парламент сайлови вақтида унинг фаолиятини 40 фоиз аҳоли маъқуллаган.
Оппозицион партия вакиллари Пак Кин Хе ва “Сэнури” (2017 йил февралдан Корея озодлик партияси) партиясини демократик принципларни бузган ҳолда авторитар тизимни кучайтирганликда айблади.
Корея Республикаси Миллий разведка хизматининг сиёсатга аралашиши, 2014 йилда президент маъмуриятининг ташаббуси билан демократик партиянинг бирлашишига қаршилик, 2016 йил мартда қабул қилинган террорчиликка қарши қонунга кўра, махсус хизмат ваколатлари кенгайтирилганлиги танқидларга учради.
Парламентдаги сиёсий келишмовчиликлар бу органнинг самарадорлик кўрсаткичини тушириб юборди. Корея иқтисодий тадқиқотлар институти экспертларининг хулосаларига кўра, киритилган қонун лойиҳаларининг фақатгина 40 фоизи маъқулланган. Уларнинг ҳар бирини қабул қиши учун ўртача 517 кун сарфланган.
Парламент сайловида “Тобуро” Демократик партияси ғалаба қозониб, Пак Кин Хенинг рейтинги 31,5 фоизга тушиб кетди. 2016 йил октябрда Пак Кин Хе дугонаси Чхве Сун Силь билан боғлиқ можародан сўнг рейтинги 17 фоизга, ноябрда эса 4 фоизга тушди.
Сиёсий инқироз
2016 йил 20 ноябрда Пак Кин Хе ва дугонаси Чхве Сун Силь билан боғлиқ можаронинг таҳлили ёритилди. У ва яна икки нафар маъмуриятнинг мансабдорлари коррупция, хизмат ваколатларини суистеъмол қилганликда айбланишди. Улар Жанубий Кореянинг 50дан ортиқ компанияларини Чхве Сун Силь бошчилигидаги иккита фондга 10 миллионлаб доллар миқдорда пул ўтказиб беришга мажбурлашган.
Бундан ташқари, 2017 йил 17 февралда Samsung корпорациясининг раҳбари Ли Чжэ Ён ҳам қўлга олинди. У Чхве Сун Силь билан ноқонуний равишда ҳамкорлик қилганликда айбланди.
Импичмент
Тадқиқотчилар Пак Кин Хени Чхве Сун Силь ва бошқа мансабдор шахсларнинг бундай фаолиятидан хабардор бўлганлигини ва ҳатто, ўзи ҳам иштирок этганлигини таъкидлашмоқда.
Прокуратура бу борада президентни сўроқ қилишни кўзлаганди, аммо унинг адвокати терговчилар билан ҳамкорлик қилишдан воз кечишини маълум қилди. Жанубий Корея конституциясига биноан амалдаги президентга жиноий иши очилмайди. Бундан ташқари, президент маъмурияти прокуратура хулосасини асоссиз айблов, дея рад этди.
2016 йил 9 декабрда Жанубий Корея парламенти Пак Кин Хенинг импичментини маъқуллади ва у вақтинчалик президентлик лавозимидан озод этилди. Бу даврда мамлакатни Бош вазир Хван Гё Ан бошқарди.
Парламентнинг импичмент ҳақидаги қарори 2017 йил 10 март куни Конституцион суд томонидан қабул қилинди. Шу тариқа, Пак Кин Хенинг фаолияти якунланди. Хван Гё Ан муддатидан аввалги сайлов ўтказилгунига қадар мамлакатни бошқаришда давом этади. Сайлов 60 кун ичида ўтказилиши лозим. Бу сана тахминан 9 майга тўғри келади.