Баҳор ва ёзда амал-тақал уй кўтариб, ҳузур-ҳаловатда қишлайман деганда, давлат идорасидан ноқонуний қурилмани бузиш юзасидан хат келган одамнинг аҳволини тасаввур қилинг...
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияни ўтказиш тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси тайёрланиб, муҳокамага қўйилди.
Мазкур лойиҳани ишлаб чиқишдан мақсад авваламбор, аҳолининг уй-жойга доир ҳуқуқларини амалга оширилиши ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишдир, дейилади Адлия вазирлиги хабарномасида.
Тайёрланган лойиҳада фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларда қурилган ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияни эълон қилиш назарда тутилмоқда.
Шундай қилиб мазкур Фармон қабул қилинган вақтдан олдин қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга (ўзбошимчалик билан қурилган иморат) нисбатан мулк ҳуқуқини ушуб объектга ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс қуйидаги шартлар асосида олади:
- ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига асосан турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлиши;
- ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини, шунингдек унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги лозим бўлади.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайдиган аниқ ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
Шу билан бирга, лойиҳада ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузиладиган махсус Комиссиянинг тақдимига биноан туман (шаҳар) ҳокими қарори билан амалга оширилиши ҳам назарда тутилган.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш билан бир вақтда мулкдорга қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрларда, меъёрдан ортиқ қисми захира ерларига олинган ҳолда, иморат қурилган ер участкасига (ер участкасининг бир қисмига) нисбатан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ҳам берилади. Ҳозирги кунда, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига мувофиқ шахсий уй-жой қуриш ва уйга хизмат кўрсатиш учун бир оилага 0,06 гектаргача (6 сотихгача) майдонда ер участкасига нисбатан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш, шунингдек ер участкасига (ер участкасининг бир қисмига) нисбатан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи бериш энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорда (1 722 400 сўм) бир марталик йиғим тўлангандан кейин амалга оширилади. Ушбу пул маблағлари Комиссия ишини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларга (жойига чиқиб бориш, майдонларни ўлчаш, бино ва иншоотларнинг шаҳарсозлик экспертизаси, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва б.) сарфланади.
Акцияни 2018 йилнинг 31 декабрига қадар ўтказиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, акция муддати тугагандан сўнг ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини тан олиш мумкинлигини белгиловчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини бекор қилишни ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутилмоқда.
Адлия вазирлигинг хабарномасида уй-жойни сотиб олиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамай минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ноқонуний шахсий турар-жойларни барпо этишганлиги қайд этилди. Бундай ҳолатларнинг юз беришига масъул давлат органлари йўл қўйиб берганликлари, шунингдек фермер ва деҳқон ҳўжаликларининг тил бириктириши сабаб бўлди.
Натижада ушбу муаммо бутун республика бўйича оммавий тус олди, бу эса фуқароларнинг турар жойига кадастр ҳужжатларини бериш масаласидаги мурожаатлар сони кўпайишига сабаб бўлди. Хусусан биргина Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 5 мингдан зиёд бундай мурожаатлар келиб тушди.
Айнан шу мақсадда, инсонийлик принципидан келиб чиқиб, лойиҳанинг асосий ғояси ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини “амнистия” қилиш ҳамда фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш орқали уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳисобланади.
Фармон лойиҳасининг муҳокамаси 26 апрелда якунланади.