Тошкент халқаро аэропортида ўзбекистонлик спортчиларни Олимпия ўйинларига кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтадиган бу галги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби қатор спорт турлари бўйича баҳслашади.
Спортчилар номидан сўзга чиққан дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Соиб Қурбонов ва Гулноза Матниёзова, оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Иван Ефремов Президентимиз раҳнамолигида спортни риовжлантириш, спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, Олимпия ўйинларида халқимиз ва Президентимизнинг ишончини оқлашга, Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига муносиб совға билан қайтишга ваъда берди.
Ўзбекистон спорт делегацияси Рио-де-Жанейро шаҳрига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг махсус самолётида жўнаб кетди.