Ижро, саҳна маданияти томошабинларни қониқтирса, яъни улар қарсаклар билан олқишлаб, қўллаб-қувватласалар ўша хонандага бир йиллик лицензия бепул берилади.
"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси томонидан янги лойиҳа йўлга қўйилмоқда. Унга кўра хонандалар республиканинг турли ҳудудларидаги маданият ва истироҳат боғларида ҳар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари бўлиб ўтадиган сайилларда иштирок этиб, жонли ижрода қўшиқ куйлайдилар. Ижро, саҳна маданияти томошабинларни қониқтирса, яъни улар қарсаклар билан олқишлаб, қўллаб-қувватласалар ўша хонандага бир йиллик лицензия бепул берилади.
Албатта, ушбу лойиҳада иштирок этиш ихтиёрий. "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси бош директори Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг “Qalampir.uz” билан суҳбатда таъкидлашича, айни дамда республика туманларидаги маданият ва истироҳат боғларида ўтказиладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Тадбирларда муассасанинг ҳудудий бўлимлари мутахассислари ҳам иштирок этиши кўзда тутилган. Хонандалар томонидан тақдим этиладиган мини концерт ва улар томонидан жонли ижрода куйланадиган қўшиқларни боғларга йиғилган томошабинлар қандай кутиб олаётгани видео тасмасига ёзиб олинади.
Ушбу лойиҳа шартига кўра, ҳозирча ҳар бир хонанда битта истироҳат боғида қўшиқ куйлаши кераклиги режалаштирилган.
Тез кунда истироҳат боғлари атрофида хонандаларнинг узун навбатига дуч келсак, ажаб эмас. Боиси бу кичик меҳнатни "Ўзбекконцерт" ДМ қуруқ қўймайди, фалон миллионлик лицензияни текинга тортиқ этади. Хўш, жонли ижрода қўшиқ куйлаб, халқнинг ҳақли баҳосини олишга тайёрлар бормикин?