14636 нафар бола ақлий ва жисмоний нуқсонлари бўлган болалар учун махсус мактаб-интернатларда ўз оилалари ва жамиятдан узоқда яшайди.
Бугун, 16 февраль куни Тошкентда ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти томонидан Ногиронлиги бўлган шахслар масалаларини оммавий ахборот воситаларида ёртилиши бўйича давра суҳбати ташкил этилди. Унда БМТнинг Ўзбекистондаги вакили Хелена Фрейзер, ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн иштирок этди.
Ўзбекистондаги ОАВда ногиронлар билан боғлиқ масалаларни ёритишда муаммолар талайгина. Журналистларнинг ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлик юзасидан маълумотларга эга бўлмагани, савол бериш, улар билан мулоқотда қайси жиҳатларига эътибор қаратишни назарда тутмаслиги, кўрсатув, эшиттириш, мақола тайёрлаш жараёнида ногирон инсонга бўлган ғамхўрлик ва ачиниш туйғуларини бир-биридан ажрата олмаслиги ногиронлиги бўлган кишиларнинг жамиятдан узоқлашиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Албатта, бунда фақат журналистларни айблаб бўлмайди. Қабул қилинган қатор қарорлар ва қонунларнинг ижроси амалда суст бажарилаётгани, ногиронлар учун шаҳар кўчалари, жамоат жойларида, хусусан дўкон, дорихона, бекат, театр, кинотеатрларда етарлича шароит яратиб берилмагани, уларнинг эмин-эркин ҳаракат қилиш имконияти йўқлиги ногиронлиги бўлган шахсларнинг ёлғизликка, тўрта девор орасида қисиниб-қимтиниб ҳаёт кечиришга ўзини маҳкум қилишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан берилган маълумотларга қараганда, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда 16 ёшгача бўлган 84 минг 900 нафар ногиронлиги бўлган шахслар бор.
14636 нафар бола ақлий ва жисмоний нуқсонлари бўлган болалар учун махсус мактаб-интернатларда ўз оилалари ва жамиятдан узоқда яшайди. Махсус муассасаларда истиқомат қиладиган болаларнинг 90 фоизи эса ногиронлиги бўлган болалардир.
Ногиронларнинг ҳуқуқлари поймол этилишини уни кимдир туртиб кетиши ёки қўлини бигиз қилиб кўрсатиши билан ўлчайдиганлар ҳам бор, афсуски. Бироқ нигорон кишининг ҳуқуқи оддий одамларникидек, улардан ажралмаган, ажратилмаган ҳолда бўлмоғи лозим.
Жамиятда ногирон инсонларгдан ўзини четга олиш ва аксинча уларга ачиниш туйғуларига қарши туришда ОАВнинг роли катта. Ногиронлар ким – улар ҳам биз каби инсон. Фавқулодда иқтидор эгалари! Кўплари ажойиб рассом, қайсилари кучли математик, бошқалари қўли гул ҳунарманд! Инсоннинг қалб гўзаллиги олдида эса ташқи кемтиклик ҳеч нарса эмас, аслида.