Бу асар буюртма эмас, у чоп этилгунга қадар на Президент Илҳом Алиевнинг, на турмуш ўртоғининг хабари бўлган.
“Илҳом Алиев: ўзгаришлар жараёнида Президент тасвири” деб номланган мазкур асар Озарбайжон Миллий Мажлиси III, IV ва V чақириқлар депутати, журналист Элмира Ахундова томонидан ёзилган бўлиб, китобни рус тилидан ўзбек тилига Усмон Қўчқор ва Шокир Долимов таржима қилган.
Тақдимот маросимида муаллиф Элмира Ахундова, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Гусейн Гулиев, “Ўзбекистон-Озарбайжон” дўстлик жамияти ижрочи директори Эркин Нуриддинов иштирок этиб, китобнинг аҳияти ҳақида нутқ сўзладилар.
“Бир куни мамлакатимиз эришган ютуқларни ўйлаётиб, Президент Илҳом Алиев билан боғлиқ кўплаб хотиралар, қизиқ воқеалар кўз ўнгимдан ўтди. Суратлар, архив ҳужжатларини тўплаб, китоб қилса бўлар экан деган ғоя туғилди. Бу асар буюртма эмас, у чоп этилгунга қадар на Президент Илҳом Алиевнинг, на турмуш ўртоғининг хабари бўлган. Мен бу асарда Президентнинг сиёсий қиёфасига баҳо берганман. У ўз отасининг йўлини қандай давом эттиргани, Озарбайжонни ривожлантириш учун қандай муҳим қарорлар қабул қилгани ва бу ўзига хос қалтис жараён бўлгани, Президент эса бундан муваффақиятли ўтганини ёритишга уриндим. Илҳом Алиев юритган сиёсатга нисбатан мухолифатнинг эътирозлари кўп бўлган ва ҳамон давом этмоқда. Аммо у иқтисод борасида улар истаган ишни қилмади, аксинча, давлат пуллари банкларда тўпланиб ётишига, бу маблағлар инфляция қурбони бўлишига йўл қўймади. Янги бинолар қурди, иқтисодни ривожлантирди. 5 ё 10 йил тугул, 2 йил аввал Озарбайжонга борган одам, бугун бу мамлакатни танимайди”, дейди Элмира Ахундова.
Маълумот ўрнида, Элмира Ахундова Москва вилоятининг Ременск туманида туғилган. У Боку давлат университетининг Филология факультетини тамомлаган. Филология фанлари номзоди. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси идораси ҳамда Республика Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия аъзоси.