Қозоғистоннинг аксарият вилоятларида ҳаво ҳарорати 30-35 даражага тушиб кетган.
Остона, Қарағанда, Костанай, Павлодар(ь), Шимолий Қозоғистон ва Шарқий Қозоғистон вилоятларида жуда паст ҳарорат туфайли мактаб ва коллежларда ўқув жараёни вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар бермоқда.
“22 январь куни об-ҳаво шароитининг ёмонлашуви сабабли биринчи сменада таълим олувчи 0-11 (12) синф ўқувчилари ва коллежларнинг 1-2 курс талабалари учун таълим жараёни бекор қилинади”, дейилади Остона шаҳри таълим бошқармасининг расмий хабарида.
Павлодар, Костанай, Қарағанда ва бошқа бир неча вилоятларда ҳам мактаблардаги ўқиш бекор қилинган.
Маълумотларга қараганда, аксарият вилоятларда ҳаво ҳарорати 30-35 даражага тушиб кетган. Павлодарда эса ҳарорат 40 даража совуқни ташкил этмоқда.
Синоптиклар аввалроқ Қозоғистонга 45 даражалик совуқ ҳарорат яқинлашиб келаётганлигидан огоҳлантиришган.