...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон туризмига “Тирилиш” керак!


19:38, 06.03.2018 Жамият
 10 138

“Ўзбекфильм” студияси “Буюк Амир Темур” бадиий фильмини яратди. Лекин, минг афсуски, бу асар кутилган натижани бермади, уни “Мана бизнинг Соҳибқирон бобомиз!” деб фахрланиб, кўз-кўз қилиб кўрсатишнинг имкони бўлмади.

Қамариддин Шайхов, “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари, журналист
Бугун Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, зиёрат туризми бўйича Ўзбекистоннинг тош босадиган тарафларини дунёга ёйиш, сайёҳлар эътиборини қадимий шаҳарларга қаратиш борасида янги ғоялар, таклифлар ва натижадор ишлар кутилмоқда. Бироқ бу йўналишда амалий ишлар етарлича кўринмаяпти.
 
Ўтган сафар Ўзбекистонда туризм соҳасида фаолият олиб бора оладиган ихтисослашган журналистлар тайёрлаш вақти келганини айтиб, бу бўйича Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига таклиф киритган эдик. Бироқ таклифларимиз эътиборга олинмади. Балки навбатдаги таклиф уларбоп бўлар...
 
Ҳар соҳада бўлгани каби туризм соҳасида реклама катта аҳамиятга эга. Бунда клип, фильм ва сериалларнинг ўрни беқиёс. Ҳар ҳолда хориж сериалларини кўра туриб, сериалда акс эттирилган жойларга боришни истамаган, денгиз атрофида кезишни орзуламаган киши камдан кам топилади. Ўзбекистон эса туризм солоҳиятини ривожлантириш, сайёҳларни янада кенгроқ жалб этиши учун бундан унумли фойдаланиши керак. Айтайлик, тарихий сериаллардан. 
 

 
...Мустақиллик йилларида тарихий қаҳрамонларимиз ҳақида арзирли фильмлар, сериаллар суратга олинмади. Мавжуд картиналар бугунги давр талабларига жавоб бермайди. Хорижда Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан уламолар ҳақида ишланган фильмларда эса қадимги Моварауннаҳр, ҳозирги Ўзбекистон бир марта ҳам тилга олинмаган. Буни биргина Голливуд ижодкорлари томонидан суратга олинган Абу али ибн Сино ҳақидаги фильм мисолида ҳам кўриш мумкин. Хўш, нима қилиш керак?
 
Самарқанд ва Бухоро ҳақида чет элликларнинг сериалида сўз боряпти. Биз нима қиляпмиз?
 
Куни кеча турк киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Тирилиш. Эртўғрул” сериалини кўришни бошладим.
 
Сериалнинг 15 қисм, 01:59 дақиқасида Эртўғрулнинг отаси Сулаймон Шоҳ ўз беклиги аҳолисига мурожаат қила туриб, “Бугун бутун ислом олами фитналар, тузоқлар билан бир-бирига душман қилиняпти. Чингизхоннинг зўравон қўшини Самарқанд, Бухоро ва неча муқаддас шаҳарларимизни ёқиб, кул этди. Салиблар неча йилдирки, ёмғир каби устимизга ёпирилиб, бизни йўқ қилишни истамоқда. Вазият бу қадар оғирлигида биз бир-биримизнинг пайимизга тушяпмиз. Роббим ислом оламининг қардошлигини бузмасин!”, дейди.


 
Очиғи сериалда биз учун қадрдон шаҳарлар номини эшитиб ич-ичимдан ғурурландим. Киноижодкорлар тарихни бузмай, отаюртларини унутмай, борини борича кўрсатишган, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини муқаддас шаҳарлар қаторида тилга олишган.
 
Сериалнинг бошқа қисмида эса Эртўғрул ҳам Самарқанд номини тилга олади. Менда эса савол туғилди: бизга бутун ислом оламида муқаддас саналган шаҳарларимизнинг номини тилга олиш билан чекланишлари етарлими? Йўқ, асло! Мовароуннаҳрдаги вазият қандай эди. Ўзбек давлатчилигининг дебочаси қандай очилган? Бу фильм кўринишида сизга ҳам қизиқ бўлса, ажабмас.
 
Турклар фақат маънавий бузуқлик ҳақида сериал олавермайди
 
Турк кинематографияси дунёда юқори ўринларни эгаллайди. Ҳатто, Туркия киноижодкорлари томонидан суратга олинаётган фильмлар ва сериаллар бугун Голливудникидан кам баҳоланаётгани йўқ.
 
Мамлакат кинематографияси асосан икки турдаги сериаллар билан дунёга машҳур. Булардан биринчиси ижтимоий мавзулардаги сериал ва фильмлар бўлса, иккинчиси ғоявий аҳамиятга эга, бутун дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ўзида қамраган видеомаҳсулотлардир.
 
Қолаверса, мамлакатда тарих ҳақиқатларини очиб беришга қаратилган, халқ қаҳрамонлари тасвирланган фильм ва сериалларга бўлган талаб ҳам юқори. Буни “Муҳташам юз йил”, “Косем”, “Тирилиш Эртўғрул”, “Пойтахт. Абдулҳамид” сериаллари мисолида ҳам кўриш мумкин.
 
Бугунгача Ўзбекистонда асосан ижтимоий мавзулардаги сериаллар намойиш этилганди. Юқоридаги номлари саналганлардан “Косем” сериали айни дамда “Миллий” телеканали орқали тақдим этилмоқда.
 
Шу ўринда “Тирилиш. Эртўғрул” сериалига эътибор қаратсак. Мазкур сериал 2014 йилдан буён суратга олинаётган бўлиб, ҳар бир қисми 2 соат 10 дақиқани ташкил этади. Бугунгача сериал қисмлари 100 дан ошди.
 
Ушбу сериалда буюк Усмонлилар империясининг дунёга келиш даври, яъни Усмонбейнинг отаси Эртўғрул беклигининг буюк империяга айланишигача бўлган тарихий воқеаларга назар ташланган.
 
“Тирилиш. Эртўғрул” Ўзбекистонда суратга олинишига нима дейсиз?
 
“Тирилиш Эртўғрул” сериали аввали Эртўғрулнинг алп бўлиб етишиб, бекликда отасига ёрдамчи бўлган даврларини тасвирлашдан бошланган.
 
Сериалда туркий халқларнинг ўзаро қардошлигига алоҳида эътибор қаратилган. Ота ва ўғил муносабатларидаги ҳурмат, оилага, юртга, дўстликка садоқат моҳирона кўрсатилган. Муқаддас Ислом динининг софлиги, уруш ва ёвузликка, бегуноҳларнинг қони тўкилишига қаршилиги тасвирланган.
 
Айни дамда ушбу сериал нафақат Туркияда, балки бутун Осиёда, ҳатто, Европа мамлакатларида ҳам катта шуҳрат қозонмоқда. Сериал бир неча тилларга таржима этилмоқда. Сериални дунёнинг 50 мамлакатида 1 миллиарддан зиёд киши томоша қилмоқда.   
 
XIII асрнинг 20-йиллари – мўғуллар истилоси даврида Эртўғрул ўз уруғдошлари билан Мовароуннаҳр ва Хуросондан Кичик Осиёга келиб ўрнашган. Турклар Ўзбекистонни, хусусан, Самарқанд ва Бухорони отаюрт санаши шундан.
 
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта шуҳрат қозонаётган ушбу сериалга бўлган катта қизиқишни шунда ҳам кўрса бўладики, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб ҳукумат аъзолари бир неча бор сериал суратга олинаётган жойларга бориб, жараёнлар билан танишди.
 
Ана энди таклифга ўтсак: президент тарихий сериаллар ва фильмлар борасида жуда тўғри гапирганди. Турк халқларини умумтарих бирлаштиради. Демак, “Тирилиш” Эртўғрулнинг бирор қисмида Моварауннаҳрдаги вазият кўрсатиб берилса, Ўзбекистон имижи, хусусан, туризми учун катта ютуқ бўларди. Зотан, Туркияда Ўзбекистонни отаюрт санайдиганлар кўп, бироқ уларнинг тасаввурлари фақатгина Google’дан сўроқланган сифатсиз суратлар билан қолмоқда.
 
Самарқанд ва Бухорони турклар ўз отаюртлари санашлари маълум. Мамлакатдаги барча мактабларнинг бошланғич синфида Бухоро ва Самарқанд мавзусига алоҳида тўхталинади. Жажжи болакайлар турк халқи асли Моварауннаҳр ҳудудидан келиб, Анадолуда қўним топганини ўрганишади.
 
Мамлакатдаги таълим даргоҳларида Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Аҳмад Ал-Фарғоний, Алишер Навоий, Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек асарларига ҳам кўп мурожаат қилинади. Олий ўқув юртларида юзлаб десертациялар ёзилган, илмий изланишлар олиб борилган. Бироқ буларнинг кўплари китобларда, қўлланмаларда... Тасвир орқали ҳали Ўзбекистон заминидан чиққан уламолар, юртимизнинг азим тарихий мероси кўрсатиб берилмаган. 
 
Ўзбекистонда “Алишер Навоий” ва “Бобур” видеофильмлари суратга олинганига ҳам 20 йилдан ошди. Бироқ бу фильмларда моддий ва техник етишмовчиликлар бўлгани сабаб у қадар катта олқиш қозонмади. Биз ўзимиздаги кемтикни тўлдирмай туриб, бу фильмларни хорижга сота оламизми? Улар Ўзбекистонга қандай имиж олиб келади? Бу ўта оғриқли савол. Президент нутқида бу ҳақда ҳам гапирганди:
 

 
Давлат раҳбари айтганидек, бугунгача уддасидан чиқмаганларимизни 2-3 ойда қилолмаслигимиз аниқ. Шундай экан, ҳозирча бор йўлдан фойдаланиш керак. Устига устак биз Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек ҳақида фильм ва сериал суратга олишимиз жуда катта вақт билан бир қаторда, катта маблағни талаб этгани ҳолда бу фильмларни бошқа тилларга ўгириб  халқаро майдонда тарғиб этишимиз ҳам осон кечмайди. Боиси ўзбек киносаноати жаҳон кинобозорида мустаҳкам ўринга эга эмас.
 
Шу боис Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ўзбекистон тарихига оид сериал ва фильмларни суратга олишда ҳамкорлик юзасидан дастур ишлаб чиқса ва бу дастур фақат ўзбекистонлик киноижодкорлар томонидан суратга олинадиган фильм ва сериаллар учун амал қилмай, хорижликларга ҳам керакли йўл-йўриқ ва тавсия беришни, Ўзбекистон тарихи ва тарихий шахслари тилга олинган ҳар қандай сериал ва фильмни Ўзбекистонда суратга олиш учун шароит яратишни ўз ичига олса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.


 
Қолаверса, ҳамон суратга олиш ишлари давом этаётган “Тирилиш. Эртўғрул” сериалининг айрим лавҳалари Ўзбекистонда олиниши юзасидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбеккино” МА Туркия ҳукуматига таклиф киритса ва бу амалга ошса, Ўзбекистонга яқин ўртада жуда катта сайёҳлик оқими келиши аниқ. Ёки сценарий муаллифи Мехмет Боздағнинг ўзидан бунақа таклиф чиқиб қолса қани, деб кутсакми бироз...
 
PS.: Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Президентнинг Бухорога бўладиган ташрифи давомида Ўзбекистон раҳбарияти ва мутасаддилар “Тирилиш. Эртўғрул” сериалини Ўзбекистонда суратга олиш таклифини билдирар, балки. 

Теглар:Ўзбекистон туризми 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар