...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон термаси Жанубий Корея жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади


15:48, 16.11.2017 Спорт
 3 165

ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов Жанубий Корея футболи мутасаддилари билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Жанубий Корея футбол ассоциацияси президенти Чун Мун Гунинг таклифига кўра Сеул шаҳрига хизмат сафари уюштириб, Жанубий Корея футболи мутасаддилари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ЎФФ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Унга кўра, Сеулда бўлиб ўтган учрашув чоғида Ўзбекистон футбол федерацияси ва Жанубий Корея футбол ассоцияцияси ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
 
Шунингдек, ЎФФ ва Жанубий Корея футбол ассоциациялари ўртасидаги ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш борасида ҳам келишувга эришилган.


 
Учрашув давомида Умид Аҳмаджонов ва Чун Мун Гу Ўзбекистон футбол федерацияси ва Жанубий Корея футбол ассоциациясининг ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумини имзолашди.
 
Ушбу меморандум икки федерациянинг турли тоифадаги терма жамоаларига ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш ва мусобақаларда иштирок этиш, тегишли мутахассис ва экспертларига ўқув курслари, семинар ва конференцияларда иштирок этиш имконини яратиб беради.
 
Бундан ташқари, томонлар икки мамлакатнинг турли ёшдаги терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкил қилиш бўйича бирга ишлашга ҳам келишиб олишган.
 
“Жанубий Корея футбол ассоциацияси билан имзоланган меморандум Ўзбекистонда футболни янада ривожланишига хизмат қилади.
 
Мазкур меморандум асосида Ўзбекистон футбол федерацияси ходимлари Жанубий Кореяда амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишишлари, маркетинг, менежмент, реклама, футбол мактаблари, машғулот ўтказиш жараёнлари каби кўплаб фаолиятлар бўйича малака оширишлари мумкин бўлади”, дейди Умид Аҳмаджонов.
 
Сеулдаги учрашувдан сўнг Умид Аҳмаджонов Япония пойтахти Токио шаҳрига учиб кетди. Аҳмаджонов 17 ноябрь куни Токиода Япония футбол Ассоциацияси президенти билан учрашув ўтказиш режалаштирилган.
 
Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Умид Аҳмаджонов Бирлашган Араб Амирликлари футбол уюшмаси ва Қатар футбол уюшмаласи билан ўзаро меморандум имзолаганди.
 
Мазкур имзоланган меморандум натижасида Ўзбекистон терма жамоаси БААга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди.
 
Бундан ташқари, Қатар футбол федерацияси Қатар–Чехия терма жамоалари ўртасида Доҳада ўтказиладиган ўртоқлик ўйинини бошқариб бориш учун ўзбекистонлик ҳакамлар бригадасини таклиф этган.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Умид Аҳмаджонов Жанубий Корея ЎФФ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!