Тез орада Шакаровнинг онаси ва ҳоласига у билан учрашишлари учун рухсат берилади.
Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси Консуллик бўлими томонидан 1996 йил 28 декабрда туғилган Ўзбекистон фуқароси Шакаров Маъруфжон Зоҳид ўғлига консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилмоқда. У суиқасд ва катта миқдордаги наркотик воситаларни сотиш мақсадида сақлашда айбланмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш доирасида Россия ТИВ ва Москва шаҳрининг суд органларига расмий мурожаатлар йўллаган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Натижада 2018 йил 14 июнь куни Москва шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича Суд коллегиясининг апелляция қарорига кўра Шакаровнинг ҳаракати катта миқдордаги наркотик воситаларни сотиш мақсадини кўзламаган ҳолда сақлаш деб қайта квалификация қилинган, Москва шаҳри Преображенский туман судининг 2017 йил 13 декабрдаги ҳукми ҳам ўзгартирилган: 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
2018 йил 14 июль куни Элчихона консуллик бўлими ходимининг Москва шаҳар Жазони ўташ Федерал хизмати 1-тергов изолятори (СИЗО-1) раҳбарияти билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтган. Суҳбат давомида Шакаров очлик эълон қилгани ва шу муносабат билан, ўрнатилган тартибга кўра, у доимий видеокузатув остидаги алоҳида камерага ўтказилганлиги маълум бўлдган. Ҳар куни СИЗО раҳбарияти у билан суҳбат ўтказади, врач маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказади. Тез тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилувчи бирон бир белги мавжуд эмас. Тез орада Шакаровнинг онаси ва ҳоласига у билан учрашишлари учун рухсат берилади.
Москва шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича Суд коллегияси қарорини тасдиқловчи Москва шаҳри Преображенский туман судининг ҳукми кучга киргач, консуллик ходимининг Шакаров билан учрашишига розилик берилиши мумкин.
Элчихона Консуллик бўлими мазкур масалани назоратда ушлаб туригани таъкидланяпти.