Оғир атлетика федерацияси йил якунларига бағишланган тадбирда бир қатор спортчиларни тақдирлади.
Тадбирда жорий йилнинг 30 ноябрь - 6 декабрь кунлари АҚШнинг Анахайм шаҳрида бўлиб ўтган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ғолиб ва совриндорларига давлат томонидан ажратилган пул мукофотлари топширилди.
Аввал хабар бериб ўтганимиздек, АҚШда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк маротаба мусобақани кучли учликда якунлаганди.
Ўзбекистонлик спортчилар Достон Ёқубов 69 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган бўлса, 94 кг вазн тоифасида Фарходбек Собиров кумуш медал билан тақдирланганди.
Шунингдек, Иван Ефремов 105 кг вазнда биттадан кумуш ва бронза медалларига эга чиққанди. Бундан ташқари, Адҳамжон Эргашев (62 кг.) делегация ҳисобига бронза медалини қўшиб қўйганди.
Тақдирлаш маросимида олтин медаль соҳиби Достон Ёқубовга 12 000, Фарходбек Собиров ва Иван Ефремовларга 6 000 ва Адҳамжон Эргашевга 3 000 АҚШ доллари миқдорида мукофот пулларига сертификатлар топширилди.
Достон Ёқубов шунингдек, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси томонидан “Йилнинг энг яхши спортчиси” дея эълон қилинди ва диплом ҳамда эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Достоннинг устози Фарход Мирзаджанов эса “Йилнинг энг яхши мураббийи” номинациясида ғолиб чиқди ва федерация раҳбарияти томонидан мукофотланди.
Федерациянинг рағбатлантирувчи мукофотлари кўп йиллик самарали меҳнатлари учун спорт фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Эркин Каримов ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси катта мураббийи Борис Савченкога топширилди.
“Йилнинг энг яхши ҳудудий федерацияси” номинациясида эса Хоразм вилояти бўлими терма жамоаси ғолиб дея топилди.
Эслатиб ўтамиз, Достон Ёқубов 2 декабрь куни силтаб кўтаришда 179 кг. оғирликни ўзига бўйсундириб, финал босқичи иштирокчилари орасида энг яхши натижани қайд этган ҳолда олтин медалга сазовор бўлган эди.