Контрабанда маҳсулотларини чегарадан олиб ўтаётганларнинг барчаси қўлга олинган.
Маълум қилинишича, вилоятнинг Ноокен туманидаги “Қайирма” ҳудудидан саккиз нафар қирғизистонлик фуқаро контрабанда маҳсулотларини Ўзбекистондан олиб кираётганида қўлга олинган.
Бу ҳақда Жалолобод вилояти Давлат чегара хизмати бошлиғи Таалайбек Тожибоев қуйидагиларни гапирди:
“Биз давлат чегарасида вазиятни диққат билан назорат қилиб боряпмиз. Шу кунларда контрабанда маҳсулотларини Қирғизистонга ўтказувчи яна бир йўл мавжудлигини аниқладик. Улар бундай товарларини тўғридан-тўғри мавжуд қонуний чегара ўтказиш пунктидан эмас, ноқонуний йўллардан ўтказишга ҳаракат қилишади. Аммо уларнинг мамлакат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишига ҳеч қачон йўл қўймаймиз”.
Таъкидланишича, улар Қирғизистонга салкам 100 минг сом (12 миллион сўм) миқдордаги 59 қоп пахтани олиб киришга урингани фош этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан текширув ишлари бошланган ва қўлга олинган контрабада товарлари қирғиз Давлат божхона ходимларига топширилган.