Тақдимот маросими қатнашчиларига яқинда нашрдан чиққан мазкур романнинг нусхалари тақдим этилди
Унда Покистон академик ва эксперт доиралари намояндалари, жумладан, “Куайд-а Азам” университети ҳузуридаги Тарихий ва маданий тадқиқотлар миллий институти, Тинчлик ва дипломатия тадқиқотлари институтининг профессор-ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этган. Тадбир қатнашчиларига яқинда нашрдан чиққан мазкур романнинг нусхалари тақдим этилди.
“Аллама Иқбал” Очиқ университети Тарих департаментининг профессори Абдул Басит тақдимот маросими қатнашчиларини қутлар экан, жаҳон адабиёти равнақига, хусусан, ҳинд субминтақаси адабиёти ривожига ўзининг улкан таъсирини кўрсатган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодий ва тарихий меросига юқори баҳо берди. Маърузачининг фикр билдиришича, буюк шоир ва давлат арбобининг ижоди нафақат Ўзбекистон, балки сарҳади жуда кенг бўлган бутун минтақанинг маънавий бойлигини ўзида мужассам этган.
Олимнинг таъкидлашича, “Юлдузли тунлар” романи Бобур ҳаёти ҳақида батафсил ҳикоя қилгани баробарида Марказий ва Жанубий Осиё халқларининг ўша тарихий даврдаги маданияти ва ҳаёт тарзини ҳам яққол тасвирлаб берган.
Абдул Баситнинг қайд этишича, Пиримқул Қодировнинг мазкур асари муҳим тарихий манбаа ҳисоблангани ҳолда покистонлик ўқувчиларга ўзбек халқининг бой маданияти, минтақада рўй берган муҳим тарихий воқеалар билан танишиш имконини берадики, улар замонавий Покистон ва Ҳиндистонга ўзининг улкан таъсирини кўрсатган.