Сиёсатчи, журналист, жамоатчи фидокор ва шифокор Меҳрибон Алиева шахси асли қандай?
У 1964 йил зиёлилар, Озарбайжонда катта ҳурматга эга Пашаевлар хонадонида туғилди. Бўлажак сиёсатчи, журналист ва мамлакат биринчи хоними дастлаб, Бокудаги умумтаълим мактабни олтин медалга тамомлади. Сўнгра, пойтахтдаги Тиббиёт Институтига ҳужжатларини топширади. Меҳрибон ўқишини Москвада давом эттирди ва шу ердаги Москва кўз касалликлар институтида тўрт йил фаолият юритади.
Унинг ижтимоий-сиёсий фикрлашини кенгайиб боришига оиладаги муҳит таъсир ўтказмай қолмади. Бобоси, ёзувчи ва адабиётшунос Мир Жалол Пашаев, Миллий авиация академиясининг ректори бўлиб ишлаган отаси Ариф Пашаев қизалоққа яхши таълим бера олди. Меҳрибоннинг амакиси Ҳафиз Пашаев эса 13 йил давомида Озарбайжоннинг АҚШдаги элчиси бўлиб хизмат қилган.
2005 йил илмий номзодлик ишини ёқлаган Алиеванинг она тарафдан бобоси Носир Имангулиев зиёли журналист бўлган. Онаси Аида эса арабшунос олима бўлиб, узоқ йиллар Республика Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида директор лавозимида фолият юритади.
Талабалик давридаёқ Илҳом Алиев билан турмуш қурган Меҳрибон 1995 йилдан бошлаб, бир қатор фондлар ва журналларга асос солган. У 2002 йил Гимнастика федерациясининг президентлигига сайланган ва Алиеванинг ташаббуси билан 2005 йилги бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионати Бокуда бўлиб ўтди. Шунингдек, Меҳрибон Алиева “Ҳайдар Алиев номидаги Фонд”нинг ташкил этилган пайтидан унинг президенти ҳисобланади.
ЮНEСКОнинг яхши умид элчиси этиб тайинланган мамлакат биринчи хоними 2015 йил Озарбайжонда ташкил этилган Биринчи Европа ўйинларини ўтказувчи Миллий қўмитанинг раиси бўлган.
2005 йилда Меҳрибон “Янги Озарбайжон” партияси номидан “Миллий Мажлис” парламенти депутатлигига сайланган ва фаолияти давом этиб келмоқда.
Латофатли ва оқила аёл турмуш ўртоғи, президент Илҳом Алиевни кўп жабҳаларда қўллаб келади. Шунинг учун бўлса керак, иккиси омма олдида тез-тез кўриниш бериб туради.
Уч фарзанд ва уч набиранинг тарбиячиси Меҳрибон Алиева 10 дан ортиқ халқаро мукофотларга эгалик қилади. У 2017 йил 21 февральдан бошлаб Озарбайжон вице-президенти лавозимида ҳам ишлаб келмоқда.