Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги арманлар етакчисининг Тоғли Қорабоғга ташрифига муносабат билдирди.
Бугун, 17 июнь куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги арманлар етакчисининг Тоғли Қорабоғга ташрифига муносабат билдириб, Никол Пашиняннинг ҳаракатини урушга чақирув деб баҳолади.
“Арманистон президентидан кейин Пашиняннинг оккупация қилинган Озарбайжон ҳудудига ташрифи бу ташвиқот ва вазиятни кескинлаштириш учун аввалдан ўйлаб қилинган ҳарбий авантюрадир. Улар, Арманистон муаммоларни музокаралар йўли билан ҳал қилишни истамаслигини очиқчасига кўрсатяпти”, дейди Озарбайжон ТИВ Ҳикмат Гажиев.
Унинг сўзларига кўра, Арманистоннинг мақсади турли йўллар билан музокаралар жараёнини тўхтатиб, ташвиқотлар билан вазиятни кескинлаштирган ҳолда Озарбайжон ерларини оккупация қилишни давом эттиришдир.
Маълумот учун, икки Жанубий-Кавказ мамлакатлари ўртасида муаммо 1988 йилда келиб чиққан. Тоғли Қорабоғ, унга ёндош районлар ва Озарбайжоннинг 20 фоиз ҳудуди Арманистон ҳарбийлари томонидан оккупация қилинган. 1994 йилда томонлар ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришган. Шундан буён Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Россия, Франция ва АҚШ раислигида ҳозиргача самарасиз тинчлик музокаралари олиб борилади.