...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўз ўғлини ўлдириб, жасадни 2 йил яширган аёл ҳибсга олинди


10:01, 14.03.2017 Олам
 11 467

Жиноятнинг очилишига болакайнинг холаси сабабчи бўлди. Аёл жиянини 2 йилдан буён турли баҳоналар билан кўрсатмаётганликларини айтиб, полицияга мурожаат қилди.

Россиянинг Дмитрова шаҳрида ўз ўғлини ўлдиришда гумон қилинаётган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда “Vesti.ru” хабар бермоқда.

5 ёшли болакайнинг жасади унинг йўқолганлиги ҳақида берилган хабардан сўнг, қарийб 2 йил ўтгач, у яшаган уйнинг томорқасидан топилди. Айни вақтда аёл сўроқ қилинмоқда. 

Маълумотларга кўра, болакай 2015 йилнинг ёзида йўқолиб қолган. Аёл барчага 5 ёшли ўғлини бувисиникига юборганини айтгач, ҳеч ким унинг қотиллиги ҳақида шубҳага бормаган.

“2015 йилда мен Марияни ўғли ва аравачада ётган қизи билан сайрга чиққанини кўргандим. Бироздан сўнг, уларнинг қайтаётганини кўрдим. Аммо болакай кўринмади. Ўшанда, ўзимга-ўзим Мариянинг ўғли қаёқда экан, деган эдим”, дейди қўшни аёл.

Жиноятнинг очилишига болакайнинг холаси сабабчи бўлди. Аёл жиянини 2 йилдан буён турли баҳоналар билан кўрсатмаётганликларини айтиб, полицияга мурожаат қилди. 

“Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида, 5 ёшли болакайнинг жасади уйнинг томорқа қисмидаги ўра ичидан топилди. Болакайнинг онаси унинг ўлимига алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинди”, дейди Москва вилояти бўйича Тергов қўмитаси раҳбари ўринбосари Елена Фокина.

31 ёшли аёл ижтимоий тармоқдаги саҳифаларга ўғлининг суратини жойлаштириб, унга “Севимли ўғилгинам” каби сўзларни илова қилган. 

Тергов ишлари давомида шу нарса аниқ бўлдики, болакай ўлимидан аввал дўппосланган. Нафас олмаётгани аён бўлгач, уни чойшабга ўраб, томорқадаги ўрага кўмиб ташлашган.

Шунингдек, Мариянинг осиёлик Ҳусан исмли шахс билан яшаб келгани ҳам маълум бўлди. Эркакнинг қариндошлари ҳам ошкор бўлган ҳақиқатдан ҳайратда эканликларини яширмаяпти.

“Биз шундай даҳшатли ишни амалга оширишга нима сабаб бўлганини хаёлимизга ҳам келтира олмаяпмиз. Яқинда Марияни уйига ташлаб қўйгандим. Ўшанда ўғли ҳақида ҳам суҳбатлашгандик. У ўғлининг жуда актив эканини, ҳоккей ва футболга қизиқаётганини, аммо улардан қай бирини танлашни билмаётганини айтганди”, дейди қариндошлардан бири.

Айни вақтда терговчилар томонидан қотилликнинг сабаблари аниқланмоқда. Қишлоқда ушбу қотилликда Мария билан яшаб келаётган шаҳснинг ҳам қўли бўлиши мумкинлиги тахмин қилишмоқда. 

“У ҳамма айбни ўз бўйнига олаяпти. Ўғлини урушаётган вақтда уни ўтмас буюм билан урганини, кейин эса болакай йиқилиб тушиб, миясига қон қуйилганини, ўғли кўзини очмагач, қўрқиб кетиб, уни кўмиб ташлаганини айтаяпти. Бу улар яшаган уйида содир бўлган”, дейди гумонланувчининг акаси Ҳасан.

Гарчи қотиллик борасида турли тахминлар мавжуд бўлса-да, ҳозирча фақатгина марҳумнинг онаси қўлга олинган. 

Бугун, 14 март куни унинг тақдири ҳал бўлиши мумкин. Аёлнинг кичик қизини эса шифохонага олиб кетишган. Эндиликда унинг тақдири васийлик ва ҳомийлик органларининг қўлида.
Умида Якубова

Теглар:Қотиллик Тергов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!