Халқимизнинг яқин тарихида миллий қадриятлар тизимини қайта тиклаш жараёни – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан бошланган.
Ўзбекистонинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фаолиятига назар ташласак маънавият, миллий қадриятлар тизимига ҳар доим устуворлик бериб келинганининг гувоҳи бўламиз. Бунинг сабабларини қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин. Глобаллашув жараёнида ирқ, миллат ва элатлар орасидаги фарқ тобора йўқолиб, мухтасар қилиб айтганда барча миллат ва элатлар умумий, “ягона оломон”га айлантирилмоқда. Бу жараённинг ортида эса инсониятни “истеъмолчилар тўдаси”га айлантиришга уринаётган трансмиллий компаниялар турибди. Уларнинг асосий мақсади барча одамга космополитианлик руҳини сингдириш, ўз маҳсулотларининг истеъмолчисига айлантиришдир. Бундай жараёнда ҳар бир миллат ўзининг маънавияти, ўзининг асл миллий қиёфасини сақлаб қолиши, жуда ҳам катта меҳнат, чидам, матонатни талаб қиладиган жараёндир. Шунинг учун, бугунги кунда барча миллат олдидаги бирламчи вазифа ўз маънавияти ва миллий қадриятларини сақлаб қолишдир.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президент Ислом Каримов жамият ҳаётининг маънавий соҳасида Шарқона ахлоқий тарбия ғоялари устувор бўлишига алоҳида эътибор қаратди. Чунки, шарқ халқлари ҳар доим шахс камолотини, унинг қўлга киритган моддий бойлигидан устун кўриб келишган. Шарқ халқларининг маънавияти, бугунги кунда инсоният илғор вакиллари маънавиятининг маёғига айланмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Шунинг учун, мустақиллик даврида халқимизнинг қўлга киритган энг улкан ютуқлари орасида халқимизнинг маънавиятини тиклаш борасидаги ютуқлар эканига ҳеч биримиз шубҳа қилишга ҳаққимиз йўқ. Чунки, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарида асоратда яшаган халқнинг бошига солинадиган кунларга қуйидагича таъриф беради: “Инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади”. Дарҳақиқат, халқимиз бир асрдан зиёд вақт давомида худди шундай асоратли кунларни ўз бошидан кечирган.
Халқимизнинг яқин тарихида миллий қадриятлар тизимини қайта тиклаш жараёни – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан бошланган. Ўзбек тилига 1989 йил октябр ойида давлат тили мақомининг берилиши бу – миллий қадриятларни тиклаш, миллий ўзликни англаш сари ташланган дастлабки қадамлардан биридир. Чунки бу пайтда собиқ Иттифоқ давлати мавжуд, биз ўз юртимизда яшаб ўз тилимиздан, демакки, ўзлигимиздан маҳрум қилинган миллат эдик. Биз, тил – миллатнинг руҳи, жони деган иборани кўп ишлатамиз. Мана шу иборанинг мазмунига эътибор берсак, ўз тили бўлмаган миллатни миллат дейиш мумкинми?
Биз жони, руҳи йўқ одамни – одам демаймизку...
Ўша вақтда, ўзбек тилига давлат тили мақомини беришда республика раҳбариятидан кучли сиёсий ирода талаб қилинарди ва Биринчи Президент Ислом Каримов шундай сиёсий ирода эгаси эканлигини кўрсатди.
Собиқ Иттифоқнинг ижтимоий ҳаётдаги асосий ғояси “совет фуқароси”ни тарбиялашга йўналтирилиб, бундай руҳда тарбияланганлар аслида динсиз, миллатсиз шахс бўлиб вояга етиши талаб қилинарди. Мантиқан фикрлайдиган бўлсак, миллатсиз шахсда бошқалар учун муқаддас ҳисобланган муқаддас ватан, она тупроққа муҳаббат туйғулари бўлмайди. Миллатнинг мазмунини унинг тили ва тарихи ташкил қилади. Биз аслида ўзимизнинг шонли тарихимиз, ўз миллий қаҳрамонларига эга бўлган миллат бўлсакда, ўзимизнинг миллий қаҳрамонларимиз қолиб, ўзга миллатларнинг қаҳрамонларига тақлид қилиб тарбияланишга маҳкум бўлдик. Мустақиллигимиз қўлга киритилиши билан миллатнинг инсоният тамаддунида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлганини англаб етдик. Бу жараён тарихий ҳақиқат – миллат хотирасининг тикланишидир.
Миллий ўзликни англашда миллий қадриятларнинг ажралмас қисми ҳисобланган миллий байрам ва анъаналарнинг ўрни беқиёсдир. Миллий қадриятлари тизимида асрлар давомида нишонланиб келган байрамлардан бири, ҳар йили 21 март куни нишонланадиган “Наврўз” умумхалқ байрами алоҳида аҳамиятга эга. Собиқ Иттифоқ даврида бу байрамнинг нишонланишининг тақиқлангани замирида ҳам миллий ўзликни йўққа чиқаришга бўлган уриниш мавжуд эди. Аммо, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 1991 йил 12 февралда “Республикада Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ҳақида” Фармони қабул қилинди. Бу миллий қадриятларни тиклаш ва қарор топтириш йўлидаги навбатдаги қадам эди.
Атеистик деб тан олинган тузумда, бирон бир диний байрамни ошкора нишонлаш, бошни кундага қўйиш билан баробар эди. Шундан келиб чиқиб, диний дунёқарашимиз ва диний билимларимиз шаклланган эди. Муқаддас Ислом динининг ривожига улкан ҳисса қўшган ҳамюртларимизни эса, ҳаммамиз ҳам билмас эдик. 1991 йилдан бошлаб Рўза ҳайит (“Ийд ал-Фитр”)ни ва “Қурбон ҳайит” (“Ийд ал-адҳа”)ни расмий дам олиш куни сифатида нишонлаб келинмоқда. Мана, ҳозир диний байрамларимиз давлат даражасида эътироф этилиб, дам олиш куни сифатида нишонланмоқда. Бу ерда бир нарсани таъкидлашни хоҳлар эдикки, бу диний эркинлик фақат бизнинг динимизга эмас, Ўзбекистонда яшаётган барча дин вакилларига берилди. Бугунги кунда мамлакатимизда кўплаб диний конфессиялар фаолият кўрсатмоқда. Уларга ўз диний маросимларини бажариши учун барча имкониятлар тенг равишда яратиб берилган. Қолаверса, диний маърифатга алоҳида эътибор қаратилди. Ислом дини бўйича диний билим ва маълумот олишлари учун ҳам кенг имкониятлар яратилди ва яратилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат вакиллари яшамоқда. Бошқа миллат вакиллариниг ўзларининг миллийлигини сақлаб қолиши учун барча шароитлар яратилган. Миллий ва этник гуруҳларнинг миллий марказлари фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатида еттита тилда таълим берилади. Аслида, мамлакатнинг кўп миллатлиги, мамлакатнинг энг катта бойликларидан биридир.
Шу ерда, ватандошларимизда шаклланган яна бир қадриятга алоҳида тўхталиб ўтишни лозим, деб ҳисобладик. Бу – мамлакатимизда қарор топган тинчлик қадриятидир.
Уруш – даҳшат...
Лекин, ундан ҳам даҳшати, урушга кўникиб қолишдир. Бунда уруш инсонларнинг ҳаёт тарзига айланиб қолади. Биз буни ўзимизга қўшни давлат мисолида кўриб турибмиз. Салкам қирқ йилдан бери уруш давом этмоқда. Социологларнинг ҳисобига кўра, бир авлоднинг вояга етиши 25 йил давом этади. Назарий жиҳатдан олиб қарасак, тўрт авлод вакиллари бир вақтнинг ўзида умргузаронлик қилиши мумкин. Демак, бу қўшни давлатлардаги яшаётган, салкам иккита авлод тинч кунни кўрмасдан вояга етган, бўлиб чиқади. Уруш уларнинг турмуш тарзига айланиб бўлган. Уруш ҳар қандай метин иродали одамнинг ҳам дунёқарашини мажруҳ қилади. Чунки, урушдаги одам яшаши учун бошқани ўлдириши керак. Илгари урушлар моддий ресурслар учун олиб борилган, деймиз. Ҳозир ҳам ҳеч нарса ўзгармаган. Бугунги уруш ҳам кимлардир учун катта бизнесга айланган. Шунинг учун, дунёнинг турли бурчакларида уруш ўчоқлари тинимсиз ёқилмоқда.
Ўз вақтида, мустақилликка эришганимиздан кейин, бизнинг мамлакатимизда ҳам уруш оловини ёқишга ҳаракатлар бўлган эди. Лекин, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг узоқни кўра билиши, мамлакатимизда тинчлик қадриятининг мунтазам қарор топишига олиб келди. Бизнинг вазифамиз, халқимизда шаклланган тинчлик қадриятининг авлодларимиз онгига сингдирилишининг узлуксизлигини таъминлашдир.
Мақоланинг номланишида раҳбар феномени, деган иборадан фойдаланганмиз. Феномен деб, табиатда кам учрайдиган ҳолатга айтилади. Агар бу тушунчани ўзимизнинг мақолага кўчирсак, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг раҳбарлиги ҳам мамлакат тарихида ноёб воқеликлардан бири бўлиб қолади.